Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга нисбатан энг танқидчи бўлган ташкилотни айтди

Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга нисбатан энг танқидчи  бўлган ташкилотни айтди

“БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 20 йил давомида Ўзбекистонга нисбатан энг танқидий халқаро ташкилот бўлган”, - дея фикр билдирди Абдулазиз Комилов бугунги Халқаро пресс клуб сессиясида.

Бугун, 17 октябрь куни, "Ўзбекистон — БМТ: муҳим ташаббуслар ва ҳамкорлик натижалари" мавзусида навбатдаги халқаро пресс клуб сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга қандай аъзо бўлганлиги ва унинг аҳамияти хусусида сўз борди. 

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ушбу халқаро ташкилотга аъзо бўлишда Ўзбекистон томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди:

“Ўзбекистоннинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотга аъзо бўлганлиги мавқеимизни оширди, шу билан бирга, бу масъулият ҳам юклайди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлишга ҳаракатни 3 йил олдин бошладик. Буни қандай амалга оширдик? Энг аввало,  мажбурий  ва болалар меҳнатини бекор қиладиган қарор қабул қилинди. Унга бўйсунмаганлар жазога тортилди. Халқаро ташкилотлар вакиллари ҳар йили пахта далаларига бориб вазиятни кузатишди. 

Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 20 йил давомида Ўзбекистонга нисбатан энг танқидчи халқаро ташкилот бўлиб келган эди. Шунга қарамасдан ушбу кенгашга аъзо бўлишга ҳаракат қилдик.

Халқаро майдонда алоҳида эътироф этиладиган қандай ишларни қилдик? ОАВ эркинлигини таъминлаш, дин ва эътиқод эркинлиги бўйича кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Юқорида айтганимдек, мажбурий меҳнат, болалар меҳнатига барҳам берилди. Шунингдек, гендер тенглигини таъминлашга давлат сиёсати даражасида аҳамият кўрсатилди, суд-ҳуқуқ тизими жиддий ислоҳ қилинди”, - деди Комилов.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!