2023 йил учун қўшимча дам олиш кунлари белгиланди
2023 йилда қўшимча дам олиш кунлари маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонига кўра, кейинги йилда қуйидаги кунлар дам олиш кунлари ҳисобланади:
барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар): 2 январь – душанба, 30 июнь – жума;
олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 3 январь – сешанба, 20 март – душанба, 22 март – чоршанба, 24 апрель – душанба, 1 июль – шанба, 2 сентябрь – шанба, 30 декабрь – шанба.
Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрдаги ЎРҚ–798-сон Қонуни билан тасдиқланган Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:
ишланмайдиган байрам куни ҳисобланувчи “1 октябрь – Ўқитувчи
ва мураббийлар куни” 2023 йилда якшанба – дам олиш кунига тўғри келганлиги муносабати билан ушбу дам олиш куни 2023 йил 2 октябрь – душанба кунига кўчирилади;
бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.
2023 йилда беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш кунлари қуйидаги тартибда кўчирилади:
7 январь – шанба кунидан 3 январь – сешанба кунига;
11 март – шанба кунидан 20 март – душанба кунига;
25 март – шанба кунидан 22 март – чоршанба кунига;
29 апрель – шанба кунидан 24 апрель – душанба кунига.
Мазкур қўшимча дам олиш кунлари фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун дам олиш ва байрам кунларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида белгиланмоқда.
