Ўзгидромет: Сел ва сув тошқинларидан огоҳ бўлинг!
Ўзгидромет 13–15 июн кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар муносабати билан республиканинг бир қатор тоғли ва тоғолди ҳудудларида сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Мутахассислар аҳоли, сайёҳлар ва ҳайдовчиларни эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.
Маълум қилинишича, ёғингарчиликлар натижасида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг тоғли ва тоғолди туманларида сел келиши хавфи мавжуд.
Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши ва Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ҳамда Музработ туманларида сел-сув тошқинлари кузатилиши мумкин.
Шунингдек, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг бир қатор туманлари ҳам хавфли ҳудудлар қаторига киритилган.
Ўзгидромет тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқароларни, дам олувчиларни ҳамда мазкур ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.
Бундан ташқари, республика бўйича айрим ҳудудларда ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли ҳам сақланиб қолмоқда. Бу эса айрим жойларда кўчалар, пастликлар ва аҳоли яшаш ҳудудларининг вақтинчалик сув остида қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Мутахассислар аҳолидан об-ҳаво бўйича расмий маълумотларни кузатиб бориш, хавфли ҳудудларда эҳтиёткорликни кучайтириш ва зарурат бўлмаганда тоғли ҳудудларга сафарларни чеклашни тавсия этмоқда.
