Ўзбекистонлик футбол мухлисларининг ярмидан кўпига АҚШ визаси берилмади
BBC'нинг хабар беришича, 2026 йилги Жаҳон чемпионати ўйинларини бевосита стадиондан томоша қилишни истаган кўплаб иштирокчи мамлакатлар, шу жумладан, ўзбекистонлик мухлислар ҳам АҚШ ва бошқа мезбон давлатлар визасини олишда кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда.
Нашр таҳлилларига кўра, мундиал иштирокчиларининг чорак қисмидан кўпроғи саёҳат тақиқларига учрамоқда ёки уларнинг виза сўровлари аксарият ҳолларда рад этилмоқда.
"Вазият Трамп маъмуриятининг қатъий иммиграцион сиёсати ва саёҳат тақиқлари сабаб янада мураккаб тус олган. Ушбу чекловлар рўйхатига мусобақага йўлланма олган Гаити, Эрон, Сенегал ва Кот-д'Ивуар каби давлатлар киритилган бўлиб, уларнинг фуқароларига АҚШ визасини олиш амалда деярли имконсиз бўлиб қолмоқда", деб ёзади BBC.
Бундан ташқари, АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, ЖЧ—2026 мусобақасига йўлланма олган жами 11 та давлат фуқаролари учун визани рад этиш кўрсаткичи 40 фоиздан юқорини ташкил қилади. Ўзбекистон, Эквадор, Миср, Жазоир, Иордания ва қатор Африка мамлакатлари виза энг кўп рад этиладиган давлатлар қаторидан жой олган.
Гарчи халқаро футбол федерацияси мухлислар элчихонага тезроқ кириши учун FIFA Pass тизимини жорий этган бўлса-да, мутахассисларнинг таъкидлашича, бу виза тасдиқланишини асло кафолатламайди. АҚШ расмийлари бу қатъий текширувларни миллий хавфсизликни таъминлаш ҳамда визаси тугаса ҳам мамлакат ҳудудида ноқонуний қолиб кетадиган мигрантлар оқимининг олдини олиш мақсадида ўтказилаётгани билан изоҳламоқда.
Виза муаммолари фақатгина АҚШ ҳудуди билан чекланиб қолмаган. Мусобақанинг қолган мезбонлари ҳисобланувчи Канада ва Мексикада ҳам ўзига хос иммиграцион тўсиқлар мавжуд. Масалан, Мексиканинг Ўзбекистон, Ироқ, Кот-д'Ивуар ва Сенегал каби саккизта иштирокчи мамлакатда дипломатик ваколатхонаси ёки элчихонаси йўқлиги мухлислар учун ўйинларга бориш имкониятини кескин пасайтириб юбормоқда.
