Қирғизистонда собиқ ДХХ раҳбарининг қариндоши қўлга олинди
Бу ҳақда ExpressAsia хабар бермоқда.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, «Қирғизнефтегаз» компаниясидаги коррупция ҳолатлари бўйича олиб борилган тергов доирасида 4 нафар гумонланувчи ушланди.
Ушланганлар орасида: Камчибек Ташиевнинг жияни, собиқ компания директори, Байгази Матисаков (1990 й.);
«Қирғизнефтегаз» бошқарувининг собиқ раиси Нургази Нишанов (1983 й.);
Бошқарув раиси ўринбосари Руслан Алтимишев (1980 й.);
«Регион Ойл» компанияси директори Назгуль Айдарова (1988 й.) бор.
Президент администрацияси ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Орунбековга кўра, Ташиевлар билан боғлиқ фирмалар маҳаллий нефтетрейдерларни талаб юқори бўлмаган эски ёқилғини мажбуран харид қилишга ундаган.
Шу билан бирга, «Қирғизнефтегаз»да қазиб олинган сифатли нефтни қайта ишлаб, «Киргиз Петролеум Компани» орқали сотиш режалаштирилган. Аммо ускуналарнинг эскилиги ва айрим гуруҳлар таъсири сабаб завод асосан АИ-80 бензини ишлаб чиқарган, бу эса ички бозорда талаб паст бўлган маҳсулот ҳисобланади.
Натижада, икки маҳаллий компания босим остида ушбу ёқилғини қабул қилиб, уни Россиядан импорт қилинган сифатли бензин билан аралаштириб, бозорда сотган.
Орунбековнинг таъкидлашича, Камчибек Ташиев лавозимни тарк этганидан сўнг бундай амалиётлар тўхтаган ва корхона омборларида катта ҳажмда бензин тўпланиб қолган.
Ҳозирда мазкур иш йирик коррупция тизимини фош этиш жараёнининг бошланиши сифатида баҳоланмоқда. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
