Болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг асосий мавзусини ёшларни маънавий-маърифий жиҳатдан ривожлантиришга ва уларнинг келгусида Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб етишиши учун барча шарт-шароитларни яратишга қаратилган чора-тадбирлар ташкил этади. Мазкур масалада амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ёшларни асосан маънавий таҳдидлар ва хавфли ахборотлардан ҳимоя қилишга ва уларни комил инсон сифатида шаклланишига туртки бўлувчи ҳуқуқий асосларни ўрнатишга йўналтирилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Хозирги ахборот алмашинуви шиддат билан ривожланаётган замонда халқнинг айниқса, болаларнинг онгини хавли маълумотлардан асраш, уларга имкони борича тўғри ва асосланган ахборотларни етказиб бериш шунингдек, ёшларимизнинг ўзбек халқи менталитетига мос бўлган маълумотлардангина фойдаланишларини таъминлаш давлатимизнинг асосий мақсадларидан биридир. Бунда эътибор оммавий ахборот воситаларининг эркин айланиши билан бирга, улар орқали тарқатилаётган ахборотларнинг хавфсиз, ҳақиқий ва ишончлилигига қаратилади.
Демак, хозирги кунда кенг жамоат эътиборига узатилаётган ахборотларнинг хавфсиз эмаслигини инобатга олган ҳолда болаларни бундай ахборотлардан ҳимоя қилиш давлатнинг устувор вазифаларидан бири эканлигини унутмаслик зарур. Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида Республикамизда 2017 йил 8 сентябр куни Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун 2018 йил 10 мартда кучга кирган. Қонуннинг асосий мақсади болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланган.
Болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун нормаларини таҳлил қилишда, “бола” атамаси кимларга тааллуқли деган савол туғилади. Ўзбекистон Республикаси “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) тушунилади. “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунида ҳам болалар сифатида ўн саккиз ёшга тўлмаган (вояга етмаган) шахслар англашилиши белгиланган. Бундан келиб чиқадики, ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларни ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти шунингдек, маънавияти ҳам ўзига хос ривожланиш жараёнида бўлади. Шунинг учун ҳам уларнинг онгини турли маълумотлар билан заҳарлаш ва маънавиятига хавфли ахборотлар билан таъсир ўтказиш жуда осон.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган болаларни баркамол авлод қилиб вояга етказишга қаратилган чора-тадбирларда болаларни хавфли ахборотлардан ҳимоя қилиш масаласи юқори ўринда турганлигини таъкидлаб ўтиш керак.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасида ҳар бир бола ўзининг соғлиғи, ахлоқий ва маънавий камол топишига зиён етказмайдиган ахборотни олиш, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги, аммо бунда қонунда назарда тутилган чеклашлар инобатга олиниши назарда тутилган. Шунингдек, мазкур нормага асосан, порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тарқатиш ҳамда фильмларни намойиш этиш таъқиқланади. Бу эса, болаларни ҳар қандай ахборотни қабул қилишдан асрайди. Бироқ, Интернет тизими тобора кучайиб бораётган хозирги кунда болаларни кераксиз ва уларнинг онги ҳамда руҳиятига таъсир қиладиган ахборотлардан ҳимоя қилиш даражаси жуда паст эканлигига кўз юмиб бўлмайди.
Бундай шароитда Интернет тизимлари ва ижтимоий тармоқлардан келаётган ҳар хил ахборотларга қандай чеклов қўйиш мумкин деган савол туғилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 26 март 137-сон Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотлари узатиш тармоқларида, шу жумладан, Интернетда тарқатиш тартиби тўғрисидаги Низомда ҳар қандай маълумотлар Интернетда тарқатилишига йўл қўйилмаслигига доир бир қанча қоидалар ўрнатилган бўлиб, ахборот айирбошлаш воситалари таркибига ахборот ресурсларидан фойдаланишнинг алоҳида қоидалари белгиланган давлат ахборот тизимлари, тармоқларини улаш ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ аттестациядан ўтказилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан амалга оширилади деган қоида ўрнатилган. Бундан кўринадики, Интернет тармоқларига уланаётган ахборот тизимлари ахборот хавфсизлигига қанчалик жавоб берилиши текширилади.
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда ишлашини таъминлаш мамлакатимизда ахборот хавфсизлиги соҳасини бошқаришда муҳим ҳисобланади. Таъкидлаш керак, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда нафақат болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар ваколатлари белгилаб берилган, балки болалар учун хавфли ҳисобланувчи ахборотлар доираси, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи, ахборот маҳсулотининг айланишига қўйиладиган талаблар, ахборот маҳсулотининг экспертизаси ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам аниқлаштирилган. Ҳозирда телевидения орқали эфирга узатилаётган ҳар бир ахборот маҳсулоти текширилади, экспертизадан ўтказилади ҳамда ёшга оид таснифи ҳам белгиланган ҳолда узатилади. Бу жараёнда ота оналарнинг хушёр бўлишлари талаб этилади холос. Чунки ҳатто мултфилмлар ҳам бола ёшига нисбатан таснифланади.
Шунга қарамасдан мазкур масалада ҳам айрим камчиликлар мавжуд. Тўғри Ўзбекистон ҳудудида Интернетга маълумот жойлаштиришга маълум бир чекловлар қўйилган бўлиши мумкин, аммо хорижий мамлакатларнинг Интернет сайтларидан бизнинг мамлакатимизга узатилаётган ахборотларнинг хавсизлигига ким кафолат беради? Болалар учун жуда қизиқарли бўлиб улгурган Youtube тармоғида жойлаштирилаётган ҳамда Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида, исталган алоқа воситасидан фойдаланган ҳолда кириб кўриш мумкин бўлган маънавий бўшлиққа етакловчи, ҳеч қандай мазмунга эга бўлмаган видеоларнинг ҳам саноғи йўқ. Ушбу масала ҳам муаммолигича қолмоқда.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасида оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар деб белгиланган.
Бундай жавобгарлик масалалари бошқа қонун ҳужжатларида ҳам (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Жиноят кодекси) ўрнатилганлигига қарамасдан айрим шахслар хавфли ахборотлардан ғараз мақсадларда фойдаланаётганлиги ҳаммамизга маълум.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарори билан “Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифларини аниқлаш мезонлари ҳамда уни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги ҳамда “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашга доир маъмурий ва ташкилий чора-тадбирлар, дастурий-аппарат ва техника воситаларига доир талабларни белгилаш тўғрисида”ги низомлар тасдиқланганлиги ва бу ҳужжатлар бугунги кун учун айни муддао бўлганлигини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июндаги 317-сон қарори асосида my.gov.uz порталида “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш бўйича экспертларни аккредитация қилиш” хизмати ишга туширилганлиги ҳам бир ютуқ десак муболаға бўлмайди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда тезлик билан ҳаётимизга кириб келаётган ахборотларни яхши-ёмонга ёки тўғри-нотўғрига ажратиш жуда мураккаб бўлиб бормоқда. Шунинг учун ҳам мазкур жараёнда барчанинг огоҳлигини таъминлаш зарурияти ҳам ортмоқда. Бунда фақат ота-оналарнинг эмас, балки барчанинг, яъни мактабгача таълим муассасаларининг болалар учун масъул ходимларидан бошлаб, олий таълим муассасаларининг ёшларга масъул ходимларигача эътиборсиз қолмасликлари шарт. Зеро, аждодларимиздан қолган “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган нақл бекорга айтилмаган.
Шу жумладан, таклиф ўрнида фикр билдирадиган бўсак, болаларга, айниқса мактаб ва коллежда таҳсил олаётган ўқувчиларга алоқа воситаларидан фойдаланишни чеклаш, таълим муассасасига алоқа воситаларини олиб келмасликларини йўлга қўйиш, шунингдек барча Интернет клубларида ёшлар онгини заҳарлаши мумкин бўлган сайтларга таъқиқ ўрнатиш ҳамда мазкур масалада ота оналарнинг лоқайд бўлмасликларини таъминлаш, яъни фарзандлари тарбиясига қатъийроқ қарашларини талаб қилиш зарур деб ўйлаймиз.
Ахборот ҳужуми шундай кучки, у билан курашиш учун бир инсоннинг ёки бир жамоанинг қурби етмайди. Бир йўлни ёпсак, бошқа йўл топиб болаларимиз онгига кириб келаверади. Шу сабабали, хавфли ахборотлардан ёшларни ҳимоя қилишда барчамиз бирдам бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Адхамжон Холмуродов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялари агентлиги
Ахборот сиёсати бошқармаси бош мутахассиси