Юртимизнинг 4 та вилоятида адвокатларнинг ноқонуний қилмишлари фош этилди
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан жойларда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бир нечта адвокатларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Жумладан, ЖИБ Деҳқонобод туман судида кўрилаётган жиноят ишидаги айбланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида суд тизимидаги танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида мазкур туманда фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати Д.А. ашёвий далиллар билан ушланди.
Кармана туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Навоий шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмаси адвокати Х.А. Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан мансабдор танишлари орқали енгил жазо тайинлатиб, уни озодликка чиқартириб бериш эвазига 20 млн. сўм ва 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Вобкент туманида кузатилган ҳолатда, маҳаллий адвокатлик бюроси адвокати Н.Ғ. Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилган фуқарога нисбатан мазкур туман судининг 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш бўйича чиқарган ҳукмини ўзининг мансабдор танишлари орқали 1 йил 2 ой муддатда якунлатиб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Қарши шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмасининг муқаддам судланган адвокати Б.А. ҳам фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судда кўриб чиқилаётган эр-хотин ўртасидаги никоҳни ваколатли танишлари орқали бекор қилдириб бериш эвазига 1100 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ширин шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмаси адвокати Б.Қ. Жиноят Кодексининг 270-моддаси 2-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида суд органларидаги мансабдор танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 800 АҚШ доллари ва 2,5 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур адвокатларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.