Ўзбекистон дунёда сайёҳлар оқими энг тез ўсaётган ТОП-7 мамлакатлар қаторига кирди
Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БМТ Туризм) томонидан эълон қилинган сўнгги таҳлилий маълумотларга (World Tourism Barometer) кўра, Ўзбекистон 2025-йилнинг январь–сентябрь ойларида хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунё миқёсида энг юқори ўсиш қайд этилган ТОП-7 давлатлар қаторига кирди. Хусусан, мамлакатга ташриф буюрган халқаро туристлар оқими 2019-йил даражасига нисбатан 73 фоизга ошиб, Ўзбекистоннинг глобал туризм маконидаги мавқеи изчил мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатди.
Мазкур натижалар Европа минтақаси доирасида ҳам Ўзбекистон туризмига берилаётган ижобий баҳоларнинг яққол ифодаси бўлди. БМТ Туризм рейтингига мувофиқ, 2019-йилга нисбатан туристлар сонининг ўсиш суръатлари бўйича Ўзбекистон Европа минтақасининг энг яхши натижа қайд этган давлатлари қаторидан 2-ўринни олди. 2025-йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонга келган халқаро туристлар сони 2024-йилга нисбатан 13 фоизга ошди, натижада мамлакат Европа минтақасида энг юқори ўсиш қайд этган ТОП–4 туристик йўналишлар қаторига киритилди.
БМТ Туризм ҳисоботида қайд этилишича, 2025-йил январь–сентябрь ойларида жаҳон бўйича халқаро саёҳатлар ҳажми ўртача 5 фоизга ошиб, глобал туризм пандемиядан кейинги барқарор тикланиш босқичига кирган. Ушбу умумий ижобий тенденциялар фонида Ўзбекистоннинг натижалари мамлакатда олиб борилаётган узоқ муддатли ва изчил сиёсатнинг амалий самарасини намоён этмоқда.
Глобал тенденциялар фонида Ўзбекистон сайёҳлик фаоллигининг янада таъсирчан ўсишини кўрсатмоқда. 2025-йилда мамлакат ўз рекордларини янгилади: дастлабки 11 ойда 10,7 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди, апрель ойидан бошлаб эса тарихда биринчи марта ҳар ойда миллиондан ортиқ сайёҳ келмоқда. Туристик хизматлар экспортидан олинган даромадлар 4,4 миллиард доллардан ошди. Бу нафақат тикланишни, балки бошқа кўплаб йўналишларга нисбатан илғор ўсишни ҳам кўрсатади.
Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг кўпайиши виза режимини кенгайтириш, транспорт қулайлигини ошириш ва фаол халқаро маркетинг сиёсати билан боғлиқ. Янги меҳмонхоналар, саёҳат компаниялари ва туризм мутахассислари сони сезиларли даражада ошди, бу эса мамлакат инфратузилмасини мустаҳкамлайди ва уни жаҳон саёҳат бозорида янада рақобатбардош қилади.
Самарқанд, Бухоро ва Хива каби анъанавий тарихий марказлардан ташқари, экологик ва гастрономик туризмга бўлган қизиқиш ҳам ортиб бормоқда. Бу эса мамлакатнинг сайёҳлик таклифларининг хилма-хиллашувини кўрсатмоқда. Узоқ хориждан келаётган сайёҳлар сонининг кўпайиши Ўзбекистоннинг минтақавий йўналишлар чегараларидан чиқиб, глобал туризмда ўз ўрнини мустаҳкамлаётганидан далолат беради. Бу ютуқлар БМТ Туризм барометрида тасвирланган глобал тенденциялар доирасида туризм соҳасининг янада ривожланиши учун қулай истиқболларни яратмоқда.

