Ёзнинг жазирама кунлари Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилишга бўлган қизиқишни камайтираётгани йўқ
Ёзнинг энг жазирама кунларида, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати +45 °C гача кўтарилишига қарамай, мамлакат бўйлаб саёҳатларга бўлган қизиқиш юқори даражада сақланиб қолмоқда. Сўнгги йилларда замонавий туризм инфратузилмасининг жадал ривожланиши, бассейнли меҳмонхоналар, аквапарклар, тоғ курортлари ҳамда сув ҳавзалари бўйидаги ободонлаштирилган дам олиш масканларининг барпо этилиши ёзги мавсумда қулай ва мазмунли ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Натижада бугунги кунда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг энг иссиқ ёз кунларида ҳам мароқли саёҳат қилиши ва сифатли дам олиши учун барча зарур шароитлар яратилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонга 6,56 миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 25 фоизга кўпдир. Фақат июнь ойининг ўзида мамлакатга 1,2 миллиондан ортиқ хорижий меҳмон келгани Ўзбекистоннинг ёз мавсумида ҳам сайёҳлар учун жозибадор йўналиш бўлиб қолаётганини яққол тасдиқлайди.
Тошкент вилояти ёзги дам олиш инфратузилмаси энг ривожланган манзиллардан бири ҳисобланади. Айниқса, Чорвоқ ва Бўстонлиқ ҳудудлари ёзги туризмнинг энг оммабоп йўналишларидан ҳисобланади. Бу ердаги Amirsoy Mountain Resort, Beldersoy Resort & SPA, Part of Destination by Hyatt, Archazor Mountain Resort & Spa, Layner Resort, Chorvoq Oromgohi, Bostonliq Resort, Pyramids Resort, Sky Village, Burchmulla Resort каби меҳмонхоналар бассейнлари билан машҳур. Вилоятдаги Fun N Food Village (Chirchiq Aquapark) ҳамда OAZIS Yangiyo‘l Aquapark ёз фаслида минглаб меҳмонларни қабул қилади.
Самарқандда тарихий обидалар билан бир қаторда замонавий дам олиш инфратузилмаси ҳам шаклланган. Hilton Garden Inn Samarkand, Mövenpick Samarkand, DiliMah Premium Luxury, Meridian Plaza by Reikartz, Kohinur Plaza, Hilton Samarkand Regency, Savitsky Plaza ва Silk Road Samarkand туристик марказидаги бошқа меҳмонхоналар бассейн ва SPA хизматларини таклиф этади.
Бухоро вилояти ҳам иссиқ иқлимга мослашган меҳмондўстлик инфратузилмасига эга. Mercure Bukhara Old Town, Wyndham Bukhara, Sahid Zarafshon Hotel, Asia Bukhara, Minorai Kalon Hotel, Boutique Hotel Minzifa, Boutique Hotel Shahriston, Ramada by Wyndham Bukhara, Paradise Plaza Luxury Hotel каби меҳмонхоналар бассейнлари билан сайёҳларга куннинг энг иссиқ вақтларида ҳам қулай шароит яратади. Кечқурун эса қадимий шаҳар кўчалари бўйлаб сайр қилиш меҳмонларга унутилмас таассурот бағишлайди.
Вилоятнинг жанубий қисмида жойлашган Тўдакўл сув омбори эса сўнгги йилларда табиат қўйнида дам олишни истовчилар учун машҳур масканга айланди. Бу ерда пляж ҳудудлари, балиқ овлаш, қайиқ сайрлари, сув спорти турлари ҳамда соҳил бўйидаги дам олиш базалари фаолият юритмоқда. Ёзнинг иссиқ кунларида Тўдакўл атрофидаги дам олиш масканлари Бухоро ва қўшни ҳудудлардан келган сайёҳларни кенг қабул қилиб, ички туризмнинг ривожланишига хизмат қилмоқда.
Хоразм вилоятида Ичан-қалъа ва Арда Хива мажмуаларини томоша қилгандан кейин Farovon Khiva Hotel, Asia Khiva Hotel, Erkin Palace Hotel, Hotel Khiva Residence, Orient Star Khiva, Bankir Khiva, Isakho‘ja Hotel каби бассейнли меҳмонхоналарда ҳордиқ чиқариш мумкин. Бу меҳмонхоналар нафақат юқори сервис, балки ёзги иссиқда салқин дам олиш имкониятлари билан ҳам машҳур.
Намангандаги Reikartz Namangan, Akhsikent Hotel, Orzu Hotel, Shedevr Plaza, Tergachi Spa Hotel каби меҳмонхоналарда бассейнлар мавжуд. Шаҳардаги Афсоналар водийси мажмуасида Марказий Осиёдаги энг йириклардан бири бўлган замонавий аквапарк, 16 та бассейн ва турли сув аттракционлари жойлашган.
Фарғона вилоятида Asia Fergana Hotel, Club 777 Hotel, Grand Fergana Hotel, Status House, Sakura Inn каби меҳмонхоналар бассейн хизматларини таклиф этади. Қўқон ва Фарғона шаҳарларида бир нечта хусусий аквакомплекслар ва ёзги бассейнлар фаолият кўрсатади.
Андижонда меҳмонхоналар ҳузуридаги бассейнлар катта оммалашган. Андижондаги замонавий меҳмонхоналар, жумладан Bogʻishamol Hotel, Premier Hotel, Vella Elegant ва Karvon Saroy Hotel, нафақат меҳмонлар, балки ташриф буюрувчилар учун ҳам сув бўйида дам олиш хизматларини таклиф этмоқда. Фаол дам олишни ёқтирувчилар учун эса замонавий аквапарклар кенг имкониятларни тақдим этади. Андижон шаҳридаги Atlantis Aquapark, Andijon Aquapark ҳамда Избоскан туманидаги Aquapark ёзги дам олиш учун энг оммабоп масканлардан бири ҳисобланади.
Зомин туманининг тоғ ҳудудларидаги Hilton Garden Inn Zaamin, Wyndham Garden Zaamin, Zaamin Mountain Resort, Suffa Spa&Wellness каби меҳмонхоналар тоғ манзаралари, тоза ҳаво ва бассейнлар уйғунлиги билан дам олувчиларга юқори даражадаги хизматларни таклиф этади.
Жиззах вилояти ёзги экотуризмнинг энг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади. Зомин миллий табиат боғи ва тоғ ҳудудлари билан бир қаторда, Фориш туманидаги машҳур Айдаркўл соҳили ҳам сайёҳларни ўзига жалб этади.
Бу ерда фаолият юритаётган замонавий Aydarko‘l Resort меҳмонларга кўл бўйидаги шинам дам олишни таклиф этади. Курортда турли тоифадаги хоналар, очиқ бассейн, SPA ва соғломлаштириш хизматлари, ресторан, болалар учун дам олиш ҳудудлари, электромобилларни қувватлаш шохобчаси ҳамда қайиқ сайрлари, картинг, пляж ҳордиғи каби кўнгилочар хизматлар йўлга қўйилган. Курортнинг Айдаркўл соҳилида жойлашгани меҳмонларга табиат қўйнида ором олиш, қуёш ботишини томоша қилиш ва кўл манзараларидан баҳра олиш имконини беради.
Қашқадарё вилоятида ҳам ёзги дам олиш инфратузилмаси изчил ривожланмоқда. Қарши шаҳридаги Ocean Aquapark Qarshi вилоятдаги энг йирик сув-кўнгилочар мажмуаларидан бири ҳисобланади. Вилоятга келувчи меҳмонлар Sultan Hotel, Nasaf Hotel, Afrosiyob Hotel Qarshi, Grand Sarbon Hotel, Royal Plaza Qarshi каби бассейнли меҳмонхоналар хизматларидан ҳам фойдаланишлари мумкин.
Навоий вилоятида ҳам замонавий сув кўнгилочар мажмуалари пайдо бўлмоқда. Шаҳардаги Parillkin House ёз мавсумида аҳоли ва сайёҳларнинг энг кўп ташриф буюрадиган манзилларидан бири ҳисобланади. Grand M Hotel, FAYZ Hotel, Zarafshon Grand Hotel, Shedevr Plaza, Royal Navoi Hotel меҳмонхоналари эса бассейнлари билан саёҳатчиларга муносиб хизмат кўрсатмоқда.
Шунингдек, Навоий вилояти ҳудудида жойлашган машҳур Айдаркўл кўллар тизими ёзги экотуризмнинг энг оммабоп манзилларидан бирига айланган. Бу ерга ташриф буюрувчилар чўл сафари, туяларда саёҳат, ўтовларда тунаш, балиқ овлаш, қайиқ сайрлари ҳамда кўл соҳилида дам олиш имкониятига эга бўладилар. Айдаркўл атрофида ташкил этилган юрт лагерлари ва эколагерлар маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар орасида тобора оммалашиб бормоқда.
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Asson Hotel, Termez Palace Hotel, Surxon Hotel каби меҳмонхоналар бассейнлари билан сайёҳларга хизмат кўрсатади. Шунингдек, хусусий ёзги бассейн мажмуалари ҳам фаолият юритмоқда.
Гулистон шаҳридаги Guliston Grand Hotel, Sayhun Hotel, City Hotel Guliston каби меҳмонхоналар бассейн хизматларини таклиф этади. Шунингдек, бир қатор хусусий сув-дам олиш мажмуалари ҳам мавжуд.
Нукус шаҳридаги Jipek Joli Hotel, Tashkent Hotel Nukus, Ratmina Hotel, Nukus Plaza Hotel, Besqala Hotel каби меҳмонхоналар бассейнлари билан сайёҳларга хизмат кўрсатади. Бу ердан Мўйноқ, Орол денгизи ва Устюрт платосига саёҳат қилувчилар кенг фойдаланади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ёзги туризм нафақат тарихий обидаларни зиёрат қилиш, балки сув аттракционлари, бассейнлар, SPA марказлари, тоғ курортлари ва замонавий меҳмонхоналарда ҳордиқ чиқариш имкониятлари билан ҳам бойиб бормоқда. Бу эса мамлакатнинг ҳар бир ҳудудини ёзги саёҳат учун жозибадор масканга айлантираётгани, жазирама ҳаво эса сайёҳларнинг юрт бўйлаб саёҳат қилиш истагини асло камайтирмаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
