Ёлғончи ҳокимлик: Қашқадарёлик «муштумзўрлар»дан азият чеккан аёл ўз жонига қасд қилмоқчи

Ёлғончи ҳокимлик: Қашқадарёлик «муштумзўрлар»дан азият чеккан аёл ўз жонига қасд қилмоқчи

Аввалроқ "nnews.uz"га ёрдам сўраб мурожаат қилган Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани Нуристон шаҳарчаси «Нурчи» МФЙ да яшовчи фуқаро Мухлиса Алиева деб таништирган аёлга  иш топиб берилгани, муаммоларини ҳокимият ҳал қилишга ваъда берганди.

Афсуски, Нишон Тумани ҳокимлиги ёлғон гапирибди.
Масъулларнинг ваъдалари бажарилмай қолди. Uztime.uz сайти  мухбири Муқаддас Исмоилова воқеанинг қолган тафсилотларини ўрганди.

НАҲОТКИ, ЕЧИМ ШУ БЎЛСА?…

Орадан оз эмас, кўп эмас икки ойдан ошиқроқ фурсат ўтди. Бу вақт оралиғида М. Алиеванинг таъкидлашича, Талимаржон ИЭС УК нинг бир гуруҳ «ўзбилармон», «муштумзўр» ва амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунларини «менсимайдиган» айрим зўравон ходимлари устидан жабрланувчилар, Мухлиса Алиева, унинг қайнонаси ва онаси томонидан ИИБ га киритилган ариза устидан суд бўлиб ўтган. Маъмурий суд тартибида кўриб чиқилган ушбу «иш»да афсуски, суд хукмига кўра, қонунчиликка биноан ҳар иккала томон бир хил айбдор деб топилган ва тегишли тартибда ҳар иккала томонга бир хил миқдорда жарима жазоси қўлланилган.

М.Алиеванинг таъкидлашича, суд томонидан кўриб чиқилган бу иш адолатли қарор топмаган. Чунки, улар ҳам «жабрланувчи», ҳам «тартиббузар» сифатида «зўравонлар» билан бир қаторда тенгма-тенг жаримага тортилган.

БИЗНИНГ УЛАРДАН ФАРҚИМИЗ ЙЎҚМИ?

-Оилавий шароитимиздан келиб чиқиб, суд томонидан белгиланиши мумкин бўлган бу жаримани тўлашга қурбимиз етмаслиги аниқ эди. Буни суд ҳайъати ҳам биларди, шу боисдан бизнинг иложсиз вазиятимиздан фойдаланган ҳолда ноилож, ўша мўштумзўрлар билан келишишга ва «кечирим» қилишга мажбур бўлдик,-дейди М. Алиева кўзда ёш билан. Аслида белгиланган суд бир неча бор қолдирилганлигидан ҳам унинг адолат билан қарор топишига кўзим етмаган эди.

Чунки, корхона маъмурияти томонидан вакил сифатида (аслида норасмий қози сифатида) юборилган «режим» бўйича жавобгар Неъмат Авезов Мақсудович таниш-билишларини ишга солиб, суд раиси билан гаплашиб, уни бошқа кунга қолдиришга уринишиданоқ бу иш фақат ва фақат ўша муштумзўр, зўравонлар фойдасига ҳал бўлишини кўнглим сезганди. (Ҳолат бўйича видеофакт мавжуд) Шундай бўлса-да, юрагимда барибир умид, илинж бор эди. Афсус… мана шу илинжим ҳам узилди. Билганимдек, ноҳақлик тантана қилди.

БАСИТХАНОВАДАН КУТИЛГАН УМИД ЎЗИНИ ОҚЛАЙДИМИ?

Мурожаатда аёл энг сўнгги умиди Республика Хотин-қизлар қўмитаси раисаси Элмира Баситхановадан нажот истаб унинг қабулига кетаётганини айтиб ўтган.

-Агар Баситханова ҳам мени тингламаса, унда ўз жонимга қасд қилишга мажбурман. Чунки, ёш ҳолимдан бунчалик асаббузарлик ва руҳий сиқилишда яшаш менга оғирлик қилаяпти,-дейди аёл.

Масалага алоқадор барча мутасаддилар, жумладан, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Шоҳида Хўжақулова ва Қашқадарё вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раисаси Мақсуда Мустафаевалар ва «Оила» илмий-амалий маркази Нишон туман бўлими бошлиғи Маҳмуд Язданов ҳам хабардор. Аммо, уларнинг хабардорлиги-ю, берган қоп-қоп ваъдалари «ваъдалигича» қолиб кетаяпти. Аёл эса сўнгги чорани – ўлим деб билаяпти!

СЎНГГИ ЧОРА – АЁЛ БУНГА «МУНОСИБ» ЭМАС…

Қизиқ, ҳолат. «Иш» жиноий эмас, маъмурий сифатида баҳоланган экан, наҳотки, «Ўзим хон-кўланкам майдон» дейдиган айрим пасткаш, онаси тенги аёлни ҳам аямай калтаклайдиган ва бунга тўлиқ ваколатимиз бор, деб даъво қилаётган манқуртсифат зўравонларнинг танобини тортиб қўйиш (туман, вилоят ҳокимлиги ёинки туман ва вилоят прокуратураси, ИИБ) ёки суднинг вазифаси бўлмаса, унда бу ҳолатга ким жавоб беради? Тинимсиз оилавий тортишувлар ва нотинчлик туфайли ёшгина бир жувон ўз жонига қасд қилишга уринмоқчи? Келгусида унинг бу хатти-ҳаракати қандай оқибатларга олиб келади? Айни дамдаги аёлнинг руҳий ҳолати-чи? Ҳали она меҳрига тўймаган гўдакнинг тақдири-чи? Бир оиланинг барбод бўлишини кузатиб туриш нечоғлик адолатдан бўларкин, «ЖАНОБ СУД ҲАЙЪАТИ?» Балки Олий суд раисининг бу каби ҳолатлардан мутлақо хабари йўқдир?

Энг охирги умиди бўлган суд ҳам адолат билан қарор чиқармаса, унда юқорида келтираганидек, инсон ўз жонига қасд қилиши шартми? Наҳотки, ечим шу бўлса?! Таҳририят туман, вилоят ҳокимлиги, ИИБ, Прокуратура, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Олий суд мутасаддиларидан ушбу ҳолат бўйича жавоб кутиб қолади, дейилади хабарда,


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!