Яман ҳусийлари кемаларни Қизил денгиздаги Саудия Арабистони портларидан фойдаланмасликка чақириб, ҳужум қилиш билан таҳдид қилди
Аввалроқ ҳусийлар Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадаси ўрнатилганини эълон қилганди. Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи мазкур гуруҳ денгизчилик компанияларига огоҳлантириш юборди.
Ҳусийларнинг таҳдидлари Эроннинг Араб яриморолининг бошқа томонидаги кемаларга таҳдидлари билан бир вақтга тўғри келмоқда. Бу ҳолат Саудиянинг нефт экспортига жиддий таъсир қилиши ва ҳудуддаги инқирозни янада чуқурлаштириши мумкин.
Таҳдид жиддий қабул қилинмоқда. Саудия Арабистони нефтини Хитой ва Ҳиндистонга олиб кетаётган учта кема йўналишини ўзгартирди. Улар Қизил денгизнинг ҳусийлар назоратидаги ҳудуддан узоқлашиб, Сувайш канали томонга бурилди. Ҳусийлар эса олтита кема йўналишини ўзгартирганини айтмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп 21 июл куни Оқ уйда Ливан президенти Жозеф Аун билан учрашувда агар ҳусийлар Саудия Арабистонига таҳдидларини амалга оширса, Қўшма Штатлар чора кўришга мажбур бўлишини айтганди.
Ҳусийлар Яман шимолини, жумладан, Қизил денгизнинг жанубидаги Боб ал-Мандеб бўғозини назорат қилади. Улар ушбу сув йўли ёпилганини расман эълон қилмади. Аммо Саудия портларига борадиган кемаларга таҳдид қилгани хавфсизлик борасида жиддий хавотир уйғотди. Ушбу йўлак орқали дунё денгиз савдосининг 7 фоизи ўтади.
