Ядро қуроли кўпайишдан тўхтагани йўқ
Яқинда Пентагон АҚШ Конгрессига тақдим этилган ХХРнинг ҳарбий қудрати ҳақидаги йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжатда Хитой 2030 йилгача мингдан ортиқ ядро каллагини жойлаштиришга қодир, дея тахмин қилинмоқда. Вашингтон фикрича, ҳозир ушбу Осиё мамлакати ядро захирасида 600 дан кўп жанговар каллак мавжуд.
Хитой ядро арсенали ҳажми аллақачон “стратегик муҳитни тубдан ўзгартирган”. Бу ҳақда АҚШ Президенти миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Жонатан Файнер маълум қилди.
– Ўз ядро захираси ҳажмини қай даражага етказишга интилишидан қатъи назар, Хитой аллақачон стратегик муҳитни тубдан ўзгартириш даражасига етди, – деди у Вашингтондаги Карнеги жамғармасида бўлиб ўтган конференцияда. – Демак, дунё ядровий кучлари, жумладан АҚШ томонидан чуқурроқ ҳамкорлик ва муҳокама талаб қилади. Шу сабабли, биз ХХР билан бевосита ҳамкорлик қилишга ҳаракат қиляпмиз.
Оқ уй вакили таъкидлашича, Хитой ядровий хавфсизлик соҳасида энг катта хавф туғдирадиган давлатлар рўйхатида юқори ўринни эгаллайди. Муддати тугаб бораётган Америка маъмурияти бу давлат билан рақобатни масъулият билан бошқаришга интилмоқда. Бу эса стратегик тийиб туришни англатади.
АҚШ ҳарбий департаменти ҳисоботида айтилишича, Хитой халқ озодлик армияси денгиз қўшини дунёдаги энг йирик флотга айланди. Пекин ҳарбий эҳтиёжига ўзи тан олганидан кўра 40-90 фоиз кўпроқ маблағ сарфлайди. Пентагон ХХР “дунёда етакчи” гипер товушли қурол захираси яратгани, 2030 йилгача 1000 дан ортиқ ядро каллаги жойлаштиришга қодирлигини таъкидлайди.
Хитой томони АҚШнинг бу ҳисоботига шунчаки ҳарбий соҳада етакчиликни сақлаб қолиш учун айтилаётган қуруқ гаплар, деб қарамоқда. Масалан, ХХР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лин Жиан бу ҳужжатни “АҚШ ҳарбий гегемонлигини сақлаб қолиш учун бир баҳона” деди. Мулозим таъкидлашича, Хитой бутун дунё бўйлаб барқарорлик ва тараққиётга кўмаклашувчи тинчликпарвар куч бўлишга аҳд қилган.
Ҳозир 9 давлат ядро клубига аъзо: АҚШ, Россия, Хитой, Франция, Буюк Британия, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроил. Қайси давлатда қанча жанговар каллак борлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ, чунки давлатлар бундай маълумотларни ошкор қилмасликка ҳаракат қилади. Шу боис халқаро ташкилотлар айни вазиятга тахминий баҳо беради. Масалан, Исроил мазкур масалада шаффоф сиёсат олиб бормайди. Яъни, ҳалигача ядро қуроли борлигини тасдиқламаган ва рад ҳам этмайди. Экспертлар тахминича, мамлакатда 90 та жанговар каллак бўлиши мумкин. Шимолий Корея эса 2005 йил ядро қуроли яратиш дастури ишлаб чиққанини очиқ-ойдин билдирди ва 2022 йилда ўзини ядро қудратига эга давлат, деб эълон қилган.
АҚШ олимлари федерацияси ҳисоботида 2022 йилгача дунё бўйлаб ядро каллаклари сони 12 700 донага етгани айтилган. Шунинг 9 400 таси ҳарбий омборларда сақланади. Қолганлари фойдаланишдан чиқарилган, лекин ҳалиям йўқ қилинмаган.
Омборлардаги каллакларнинг тахминан 3 730 донаси тезкор кучлар таркиби ихтиёрига берилган. АҚШ, Россия, Франция, Буюк Британияга қарашли тахминан 2 000 жанговар каллак юқори тайёргарлик ҳолатида сақланмоқда ва исталган вақтда фойдаланиш учун шай қилиб қўйилган.
Ер юзидаги энг йирик ядро захираси Россия ва АҚШга тегишли. РФдаги мавжуд 5 377 дона жанговар каллакнинг 1 500 тасидан фойдаланилмайди ёки йўқ қилинишини кутяпти. 5 428 каллакка эгалик қилаётган АҚШ эса тахминан 1720 донасини қўлланадиган рўйхатдан чиқарган ёки йўқ қилади.
Хуллас, халқаро ҳамжамият глобал хавфсизликни таъминлаш сайёрамиз келажаги учун жуда муҳимлигини чуқур англагани сари бу муаммо янада долзарблашмоқда. Қолаверса, кейинги йилларда дунёнинг турли ҳудудларида уруш ўчоқлари пайдо бўлиши айрим давлатларнинг ядро қуролига эга бўлиш истагини кучайтирмоқда. Ҳозирги фан ва технология тараққиёти шиддати нуқтаи назаридан бундай нохуш орзуни амал ошириш жуда кўп мамлакатлар учун чўт эмас. Дунё аҳлининг хавотири ҳам шундан, аслида.