Владимир Зеленский россияликлар билан бўлажак учрашувлар ҳақида билмаслигини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский Мюнхен хавфсизлик конференциясида Россия вакиллари билан учрашув ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп бундай музокаралар ўтказилиши мумкинлигини маълум қилганди.
Бундан ташқари, Зеленский Американинг янги маъмурияти аллақачон Украина бўйича ишлаб чиқилган тинчлик режасига эга эканлигига шубҳа қилмоқда.
Украина раҳбари Мюнхенга бугун бошланган 61-Хавфсизлик конференциясида иштирок этиш учун келди. У Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокаралар олиб бориши мумкин бўлган муҳокамалар фонида очилди.
Конференция раҳбари Кристоф Хойсген, айниқса, АҚШ ва Украина делегацияларини олқишлади ва «мулоқот орқали тинчликка» чақирди.
Шу билан бирга, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Леен Европа Иттифоқи давлатлари мудофаа ва хавфсизлик учун харажатларни зудлик билан ошириши кераклигини айтди.
«Биз бутун дунё қанчалик тез ўзгариб бораётганини кўрмоқдамиз ва Эвропа ҳам тез ўзгариши керак», дея қўшимча қилди у.