Венгрия: янги санкциялар пакетлари Россиядан кўра Европага кўпроқ зарар келтиради

Будапешт Европа Иттифоқининг Россияга қарши янги санкциялар пакети керак эмаслигига ишончи комил.
Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувдан сўнг ТАСС агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Афсуски, Евроиттифоқ жорий этган санкцияларга ҳозирча профессионал баҳо ва таҳлиллар ўтказилмаган. Янги санкцияларни муҳокама қилиш ҳар доим ҳиссий, сиёсий ва мафкуравийдир”, — деди Сийярто.
“Агар биз санкцияларга прагматик нуқтаи назардан қарасак, улар Россиядан кўра Европага кўпроқ зарар келтираётганини кўрамиз”, — деди Венгрия ТИВ раҳбари.
“Биз янги санкциялар пакетига эҳтиёж сезмаймиз, деб ҳисоблаймиз. Умид қиламизки, бир кун келиб Шарқ ва Ғарб ўртасидаги сивилизациялашган ҳамкорликка қайтишимиз мумкин, чунки бу бизнинг манфаатларимизга тўғри келади”, — деди Сийярто ва иқтисодиёт соҳаси вакиллари ҳам худди шундай нуқтаи назарга эга эканини қўшимча қилди.