Ўзбекистоннинг силга қарши кураш бўйича тажрибаси ЖССТ томонидан эътироф этилди

Ўзбекистоннинг силга қарши кураш бўйича тажрибаси ЖССТ томонидан эътироф этилди

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги Ўзбекистон делегация Женевада амалий ташриф билан бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимиз вакиллари 194 давлатдан делегатлар иштирок этган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 76-сессияси ишида фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, сил касаллигига барҳам бериш масалаларига бағишланган сессия доирасида ташкил этилган махсус тадбирда иштирокчиларнинг бор эътибори Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича вазифаларга қаратилди.

Маълумки, жорий йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг силга қарши кураш бўйича юқори даражадаги йиғилиши бўлиб ўтади. Учрашувга тайёргарлик доирасида ташкил этиладиган интерактив эшитувлар Ўзбекистон ва Польша томонидан мувофиқлаштирилади.

Бу ҳақда вазир Амрулло Иноятов ўз нутқида батафсил тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан силга қарши кураш хизматини ислоҳ қилиш натижасида бугунги кунга қадар қарийб 130 минг кишининг ҳаёти сақлаб қолингани, касалланиш даражаси 43 фоизга, ўлим ҳолатлари эса 84 фоизга камайди.

Айни пайтда мамлакатимизда сил касаллигини аниқлаш бўйича 5 босқичли замонавий лаборатория тизими яратилган. Ушбу касалликнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш учун зарур бўлган барча дори-дармонлар давлат томонидан бепул тақдим этилади.

2023 йилга мўлжалланган Давлат дастурига мувофиқ, 2023-2026 йилларда дори воситалари ва сарф материаллари, тиббий асбоб-ускуналар, мутахассислар тайёрлаш ва инновацион илмий тадқиқотлар учун давлат бюджетидан 33 миллион доллар, халқаро донорлар ҳисобидан 26,5 миллион доллар ажратиш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг 13 та маъмурий ҳудудида «Ўпка саломатлиги» мобил бригадалари ташкил этилиб, улар чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудлар аҳолисини бепул тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

Фтизиатрия ва пулмонология хизматлари интеграцияси натижасида ўпка касалликларини даволаш учун тиббий ёрдам кўрсатишнинг универсал ва юқори технологияли тизими яратилмоқда.

Вазир ўз нутқида, шунингдек, мазкур тадбирда билдирилган барча фикрлар БМТ Бош Ассамблеясининг Сиёсий декларациясига киритиладиган якуний таклифларни ишлаб чиқишда инобатга олинишини таъкидлади.

Тадбир сўнгида Ўзбекистоннинг силга қарши кураш тажрибаси яна бир бор БМТ томонидан юқори баҳоланиб, бошқа давлатлар учун намуна сифатида эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ 2035 йилга бориб сил касаллигидан ўлим даражасини 95 фоизга камайтириш бўйича стратегик мақсадни қабул қилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!