Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини фаоллаштириш зарур

Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини фаоллаштириш зарур

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раислигида Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда жорий йил 21-22 июнь кунларига белгиланган Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги 5-йиғилишига тайёргарлик жараёни танқидий кўриб чиқилди.

ЖСТга қўшилиш 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири. Шу нуқтаи назардан вазифани бажаришда тегишли вазирлик, идоралар билимли, малакали кадрлари салоҳиятидан фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.

Ишчи гуруҳнинг бўлажак йиғилиши доирасида кўп ва икки томонлама музокараларга тайёргарлик, шу жумладан, илгари тақдим этилган Фактологик хулоса, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида маълумот берилди, бошқа ҳужжатлар муҳокамасига оид ахборот тингланди.

Тегишли вазирлик, идоралар раҳбарларига Ишчи гуруҳнинг 5-йиғилиши ва музокараларга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш юзасидан манзилли кўрсатма берилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бўлажак тадбирларга тайёргарлик жараёнини мувофиқлаштиради ва мунтазам кузатиб боради.

Йиғилиш якунида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 5-йиғилишида иштирок этиш мақсадида сафарга юборилаётган Музокара гуруҳи ҳар бир аъзосининг вазифаси тушунтирилди. Ташкилотга қўшилиш бўйича музокара жараёнини фаоллаштириш чорасини кўриш ҳамда кейинги босқичга, яъни ишчи гуруҳ ҳисоботи лойиҳасини шакллантиришга ўтиш лозимлиги таъкидланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!