Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг илк гуруҳи Ҳажга йўл олди
Ўзбекистон бўйлаб Ҳаж-2026 мавсуми бошланди: зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига учиб кетди.
Бўлажак ҳожилар 2 майдан 18 майга қадар Ўзбекистондаги 9 та аэропортдан Мадинага учади.
2 май куни илк зиёратчиларни кузатиш маросимида Ўзбекистон президенти администрацияси Диний-маърифий масалалар департаменти бошлиғи Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қатнашди.
«Кузатув чоғида Муфтий ҳазратлари зиёратчиларга Ҳаж амалларини мукаммал ва бекаму кўст адо этишларини тилаб, Ҳақ таолодан юртдошларимизнинг сафарларини бехатар, ибодатларини эса мақбул айлашини сўраб хайрли дуолар қилди», дейилади диний идора хабарида.
Фото: Мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Маълумот учун, 2026 йилда ҳам Ўзбекистондан 15 минг зиёратчи Ҳажга йўл олмоқда. Жорий йилда бир киши учун Ҳаж сафарининг нархи 77 миллион 73 минг сўмни (қарийб 6400 доллар) ташкил қилмоқда.
Фото: Мусулмонлар идораси матбуот хизмати
2026 йилда Қурбон Ҳайити тахминан 26 ёки 27 май санасига тўғри келиши кутилмоқда. Ҳожилар Арафа куни ва Қурбон ҳайитларини ўтказгач, Ҳаж амалларини якунлаб, июнь ойининг дастлабки ҳафтасида Ўзбекистонга қайтишни бошлайди.


