Ўзбекистонда айни дамда кимлар энг кўп ойлик олмоқда? Миқдори қанча? (ФОТО)

Ўзбекистонда айни дамда кимлар энг кўп ойлик олмоқда? Миқдори қанча? (ФОТО)

Статистика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил январь–март ойларида Ўзбекистондаги номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 4,9 миллион сўмга етди. Республикада 2023 йилнинг мос даврида бу рақам 4,1 миллион сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Статистика агентлигига таяниб "Дарё" ёзмоқда.

Ўзбекистонда айни дамда кимлар энг кўп ойлик олмоқда? Миқдори қанча? (ФОТО)

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда жами 3 миллион 91 минг 950 нафар ходим маълумотларидан фойдаланилган. Бироқ кўрсаткични шакллантиришда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобга олинмаган. Агентлик изоҳига кўра, фермер хўжаликлари ҳамда кичик тадбиркорлик субъектлари йилда бир марта ҳисобот тақдим этиши белгиланган. Агар мазкур тармоқларда ишловчи ходимлар ўртача ойлик иш ҳақи ҳам ҳисобланса, умумий кўрсаткич анча пасайиши мумкин.

Ҳудудлар кесимида энг юқори миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 8 миллион 116 минг сўм. Шу билан бирга, қолган ҳудудларга нисбатан юқори ўртача ойлик даромадлар Навоий (6,5 миллион сўм), Тошкент (4,7 миллион сўм) ҳамда Андижон вилоятларида (4,4 миллион сўм) кузатилган. Энг кам ўртача ойлик иш ҳақи эса Сурхондарё вилоятида — 3,5 миллион сўм.

Ўзбекистонда айни дамда кимлар энг кўп ойлик олмоқда? Миқдори қанча? (ФОТО)

Январь–март ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Андижон вилоятида (25,2 фоиз), Тошкент шаҳрида (22,3 фоиз), Фарғона вилоятида (21,5 фоиз), Навоий вилоятида (18,8 фоиз) ҳамда Жиззах вилоятида (18,2 фоиз) кузатилди.

Ўзбекистонда айни дамда кимлар энг кўп ойлик олмоқда? Миқдори қанча? (ФОТО)

Биринчи чоракда иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи — банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келган — 13,2 миллион сўм. Хусусан, соҳа тармоқларидан бири молиявий хизматлар кўрсатиш ва суғурталаш бўйича ёрдамчи фаолиятда ўртача ойлик иш ҳақи 17,4 миллион сўм бўлиб, қолган тармоқлардагига қараганда энг юқори кўрсаткични ташкил этган.

Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойликлар 11,7 миллион сўмни ташкил этиб, унинг тармоқларидан бўлган компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматларда ўртача ойлик энг юқори кўрсаткич — 17,7 миллион сўмгача етган. Ўз навбатида, ташиш ва сақлаш соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 7,3 миллион сўм, саноатда 6,1 миллион сўм бўлиб, ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични ташкил этган.

Таълим (3,4 миллион сўм), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (3,2 миллион сўм) соҳалари ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича доимгидек бошқа соҳаларга нисбатан энг қуйи поғоналарда қайд этилган. Мазкур соҳалардаги ўртача иш ҳақи республикадаги умумий ўртача ойлик иш ҳақидан сезиларли даражада камлигича қолмоқда.

Ўзбекистонда айни дамда кимлар энг кўп ойлик олмоқда? Миқдори қанча? (ФОТО)

Таълим соҳасининг асосий тармоқлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи олий таълимда (7,9 миллион сўм), энг паст кўрсаткич эса мактабгача таълимда (1,8 миллион сўм) кузатилган.

Таълим соҳаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (5,5 миллион сўм), Наманган (3,4 миллион сўм) ва Навоий вилоятларида (3,4 миллион сўм) қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасининг фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (4 миллион сўм), Қорақалпоғистон Республикасида (3,6 миллион сўм) ҳамда Хоразм вилоятида (3,5 миллион сўм) кузатилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!