Саудия Арабистонида Эроннинг олти нафар фуқароси қатл қилинди
Қайд этилишича, ушбу олти нафар Эрон фуқароси Саудия Арабистонига гиёҳванд моддаларни олиб киришга уринганликда айбланиб қатл этилган. Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг юридик ва консуллик департаменти вакиллари масалани янада тартибга солиш учун Ар-Риёдга бориши кутилмоқда.
“Эрон фуқаролари Қосим Муҳаммад Шабоний, Абдурреза Юнус Тенкасирий, Халил Шаҳид Самрий, Муҳаммад Жавод Абдулжалил, Меҳди Кенан Ганимий ва Хур Муҳаммад Шабоний гиёҳванд моддаларни ноқонуний равишда қиролликка олиб киришга уринган”, – дейилади Саудия ички ишлар вазирлиги баёнотида.
Шунингдек, ушбу баёнотда айбланувчилар ҳибсга олингани, суд томонидан ўлим жазосига ҳукм қилингани айтилади. Саудия Арабистони ҳукумати буйруғи билан ҳукм ижро этилган.
Ижрога нисбатан Эрон фуқароларининг ўлимига кескин муносабат билдирилган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчиси Абдуллоҳ бин Сауд ал-Анезийни чақириб, унга содир этилган қатллар муносабати билан “кескин иборалар” билан норозилик нотасини топширган.
Элчихонани олдиндан хабардор қилмасдан ўлим жазосини ижро этиш мутлақо номақбулдир ва халқаро ҳуқуқ нормаларини, шу жумладан консуллик алоқалари тўғрисидаги Вена конвенциясини бузади, – дейилади Эрон ТИВ хабарида.
Вазирликнинг таъкидлашича, элчи билан учрашув чоғида унга бундай ҳаракатлар икки давлат ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликнинг умумий амалиётига зид экани эслатиб ўтилган.