Ўзбекистон-Исроил: Туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир келишув имзоланди

Ўзбекистон-Исроил: Туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир келишув имзоланди

17 май куни Тошкент шаҳридаги «Ҳилтон» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Исроил давлати Туризм вазири Ёел Развозов ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир келишув имзоланди.

Мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасида ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, авиарейсларни кўпайтириш ҳамда туристик бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, ўзаро эфир вақтларини алмашиш, икки мамлакатнинг машҳур мусаввирлари кўргазмаларини ташкил қилиш, Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети ва Исроилдаги ҳамкор ўқув муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришни кўзда тутади.

Имзолаш маросимидан сўнг Ўзбекистон ва Исроил туризм вазирлари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди. Жумладан, Ёел Развозов Ўзбекистоннинг бой тарих ва маданий меросга эга мамлакат эканини қайд этиб, исроилликларнинг юртимизга саёҳат қилиш истаги тобора ошиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, юқори мартабали меҳмон мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларини алоҳида эътироф этди.

Ёел Развозовнинг сўзларига кўра, Келишувнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ўзаро сайёҳлар оқимини сезиларли даражада ошириш йўлида хизмат қилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси ва Исроил давлати ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Шу муносабат билан Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси ҳамда Ўзбекистоннинг Исроилдаги туризм элчиси Хай Давидовнинг саъй-ҳаракатлари билан 14 июндан 21 июнга қадар Исроилнинг 5 шаҳри (Холон, Ашдод, Петах Тиква, Рамле, Ор Еуда)да ўзбекистонлик хонанда Баҳром Назаровнинг концерт дастурлари ўтказилади. Маданий дастур доирасида юртимизнинг туристик салоҳияти ҳам намойиш этилади. Маълумот учун, Хай Давидов юртимизнинг энг фаол туризм тарғиботчиларидан бири ҳисобланади. У йил давомида бир неча марта Ўзбекистонга ташриф буюриб, тарихий шаҳарларимизнинг туризм салоҳиятини видеороликлар орқали Исроилда намойиш қилади.

Бундан ташқари, Исроилдан ташриф буюрувчи туристларга қулайлик яратиш мақсадида мамлакатимизда кошер стандарти жорий қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Таъкидлаш жоизки, 17 май куни Ўзбекистон ва Исроил вазирлари пойтахтимизда бўлиб ўтган «Tashkent Travel Mart 2022» халқаро кўргазмасида иштирок этишди. Тадбир доирасида расмийлар туристик бизнес ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашишди.

Маълумот учун: «Tashkent Travel Mart» халқаро кўргазмаси анъанавий тарзда ўтказиб келиниб, бутун дунёдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият сабаб вақтинчалик тўхтаб қолганди. Ҳозирда бу борада вазият барқарорлашгани боис ушбу тадбир ўз фаолиятини тиклади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!