Ўзбек онкологлари Россияда клиник ординатура йўналиши бўйича бепул таҳсил олади

Ўзбек онкологлари Россияда клиник ординатура йўналиши бўйича бепул таҳсил олади

Аввал хабар берганимиздек, бугун Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида “Соғлом жамият” форуми бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли халқаро анжуманда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов ҳам иштирок этди.

— Мазкур форум биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди, — дейди профессор. — Айниқса, Россиянинг Н.Н.Петров номидаги онкология миллий тиббий-тадқиқот маркази билан ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилиши муҳим аҳамиятга эга.

Айтиш лозимки, икки томонлама учрашувда онкологларни клиник ординатурада бепул ўқитиш ва малакасини ошириш, фундаментал онкология соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда саратон касаллигини даволаш бўйича янги замонавий дори-дармонларнинг қўшма клиник синовларини ўтказиш юзасидан қатор келишувларга эришдик.

Якунда ушбу марказ билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Унга кўра, эндиликда юртимиздаги клиник ординаторлар таълимнинг иккинчи йили Россияда бепул таҳсил олади. Шу билан бирга, магистратура босқичини тамомлаган ўзбек талабалари бир ойдан уч ойгача ушбу мамлакатда ўз билим ва кўникмаларини бепул ривожлантириш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, ўзбек мутахассислари учун россиялик онкологлар иштирокида маҳорат дарслари ва “мастер-класс”лар ўтказиш бўйича ҳам ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди.

Унга кўра, яқин келажакда марказимизда ушбу мамлакат шифокорлари билан биргаликда юқори технологияли лапароскопик жарроҳлик амалиётлари ўтказиш ва нур терапияси орқали оғир беморларни даволаш йўлга қўйилади.

Бу эса юртимизда ихтисослашган тиббиётнинг энг мураккаб йўналишларидан бири бўлган онкология ва радиология соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!