Ўз ғурурингга тош отдинг, болакай...

Ўз ғурурингга тош отдинг, болакай...

Аждодларимиз пойи пиёда кезган йўлларда бугун замонавий автомобиллар, тезюрар поездлар қатнаб одамлар мушкулини осон қилмоқда. Айниқса, “Afrosiyob” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилгани мамлакатимиз транспорт тизими тарихида улкан воқеликлардан бири бўлди. 

“Аfrosiyob” вагонига қадам қўйган киши борки, ундаги замонавийлик ва беқиёс қулайлик учун шукрона келтирмаслигининг иложи йўқ. Унинг бағрида шамолдан тез елиб кетаркансан фахрланмаслик имконсиз. 

“Аfrosiyob” салонлари қулай ва юмшоқ ўриндиқлар, видео ва аудиороликларни томоша қилиш учун аудиовидеомодуль ҳамда мониторлар, ҳар бир ўриндиқ мутолаа чироқлари билан жиҳозланган. Деразалар кўп қатламли шовқин қайтарувчи ойнадан тайёрланган, қуёшдан ҳимоя қилувчи пардалар ўрнатилган. Йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъи назар, салонда барқарор қулай ҳарорат таъминланади. Максимал тезликни соатига 250 километргача ошириши мумкин бўлган поезд вагонларида ҳаво ҳарорати, йўналиш жадвали ва тезлик ҳақида компьютер таблолари орқали мунтазам маълумот бериб борилади.

Янада эътиборлиси, Ўзбекистон бундай поездлардан фойдаланаётган дунёдаги ўн тўрт давлатдан биридир. 

Халқимизнинг меҳнати, орзу-умидининг маҳсули бўлиш билан бирга ғурурига айланган “Afrosiyob” ҳақида болаларимиз биладими? Айниқса, тезюрар поезд қатнайдиган темир йўл атрофида яшаётган оилаларда фарзандларга “Afrosiyob"нинг аҳамияти ҳақида сўзлаб беришганмикин? 

Афсуски, кўпчилик ҳамон бола тарбиясини унинг қорнини тўйғазиш, устини бутлаш, нари борса дарсини ўзлаштиришида, деб билмоқда. Бола маънавияти, дунёқараши шаклланишида ҳамон бўшлиқларга йўл қўйилмоқда. Акс ҳолда бола ўз ғурурига тош отмасди. 

Гуп шундаки, Самарқанд шаҳрида 15 май куни номаълум шахс “Самарқанд-Зарафшон” темир йўл бекатлари оралиғида “Қарши-Самарқанд-Тошкент” йўналишида қантовчи “Афросиёб” тезюрар поездининг ойналарига тош отган. Ойналар дарс кетган. Жароҳат олганлар бўлмаган. 

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган бу хабар кўпчиликнинг қалбини ўртади. Кейин маълум бўлишича, поездга Самарқанд шаҳар Мотрид маҳалласи 37-сонли ўрта мактабнинг 5-синф ўқувчиси М.Б. тош отганлиги аниқланган. Бола ва унинг онаси билан тушунтириш ишлари олиб борилган. 

Айримлар учун бу кичкина ҳолат бўлиши мумкин. Поезднинг битта ойнасини алмаштириш қимматга ҳам тушмас. Лекин чиройли нарсага тош отган боладан эртага нима кутиш мумкин? Бу бебошлик шафқатсизликка, жиноятга йўл очмайди, деб ким кафолат бера олади? 

Таассуфки, катта жиноятлар илдизида майда безорилик, урушқоқлик, бебошликлар ётади. Оддийгина бировнинг ручкасини олиб қайтариб бермасликни одат қилган боладан каттароқ ўғрилик, фирибгарликни бемалол кутиш мумкин. 

Буларни қаламга олишдан мақсад, ота-оналар ва устозлардан яна бир бор болалар тарбиясида хушёр бўлишни илтимос қилишдир. Биргина шу беқиёс “Афросиёб”нинг аҳамияти, унинг қандай меҳнатлар эвазига йўлга қўйилгани, ундан ҳар биримиз фойдаланишимизни, бундай замонавий тезюрар поезд ҳамма давлатда ҳам йўқ эканини, бундан фақат ғурурланиш кераклигини уқдириш учун бир дақиқа кифоя, ахир. Буни тушунган, англаган бола ҳеч қачон ўз ғурурига тош отмайди.

ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!