Университетдан 30 киши ўғирлаб кетилди

Қуролланган номаълум одамлар Нигерия шимоли-ғарбидаги Замфара штатида жойлашган Гусау университетига ҳужум уюштириб, 30 дан зиёд кишини мажбурлаб олиб кетишди. Воқеанинг ачинарли жиҳати шундаки, ўғирланганларнинг 24 нафари талаба қизлар.
Маҳаллий аҳоли вакиллари “Франс Пресс” агентлигига ҳикоя қилишича, ўнлаб жангарилар Гусау шаҳри яқинидаги Сабон-Гида қишлоғида жойлашган учта хотин-қизлар ётоқхонасига бостириб кирган. Жиноятчилар ўқув муассасасининг янги биносида таъмир ишларини бажараётган 9 нафар пайвандловчини ҳам қўшиб олиб қочишган.
“Улар (жангарилар – таҳририят) ётоқхонадан камида 24 нафар талаба қизни икки эркак билан бирга олиб чиқишди... йигитларнинг бири университет ходими”, – дейди воқеа жойига яқин қишлоқда яшайдиган маҳаллий аҳоли вакили.
Ҳодиса юз берган манзилга етиб келган Нигерия армияси ҳарбийлари ва ҳужум қилганлар ўртасида отишма бўлиб ўтган. Агентлик аниқланмаган икки номаълум манбага таяниб, босқинчиларнинг бир қисми гаровга олинганларни олиб, номаълум томонга қочишга муваффақ бўлганини ёзган.
“News Agency of Nigeria” – NAN армия вакили генерал Иброҳим Яхай баёноти асосида хабар беришича, 6 киши озод қилинган.
Ахборотда мулозимнинг “Ҳарбийлар босқинчилардан АК-47 автомати... тўртта мотоцикл ва алоқа воситасини ҳам мусодара қилишди”, – деган гапини ҳам иқтибос сифатида келтирган.