Тошкентдан Олмаотага ишлаш учун кетган аёл Истанбулга бориб қолди. Уни Туркияда фоҳишалик кутарди

Тошкентдан Олмаотага ишлаш учун кетган аёл Истанбулга бориб қолди. Уни Туркияда фоҳишалик кутарди

“Хорижда иш бор, яхшигина даромад топасиз”, дейдиган “ҳожатбарор”ларнинг ваъдаларига ишониб қолманг. Йўқса, ўзингиз билмаган ҳолда одам савдоси қурбонига айланиб қолишингиз мумкин...

Оиласидан ажрашган аёл ҳам опаси ва бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, бир нечта аёлларни чув туширди. Улар бир гуруҳ бўлиб, белгиланган тартибни бузиб Ўзбекистон давлат чегарасидан олиб ўтиш, Туркия давлатига алдов йўллари билан олиб бориш, сўнг уларни шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини тортиб олиш, фоҳишалик билан шуғуллантириш ва бунинг натижасида моддий даромад топишни мақсад қилади.

Жабрланувчини Қозоғистон Республикаси орқали Туркияга бориши ва у ерда фоҳишалик фаолияти билан шуғулланишини тўғрисидаги жиноий режасини унга маълум қилмасдан Қозоғистонда танишлари борлигини, у ерга бориб, иссиқхонада ишлашини ва яхшигина моддий даромад топиши мумкинлиги тўғрисида уни қизиқтиради. Шу йўл билан алдаб, унинг ишончига киради. Тошкент вилоятида жойлашган чегарага қадар кузатиб келиб, чегарадан ўтиши билан уни номаълум шахс кутиб олишини маълум қилиб, унга ўша шахснинг телефон рақамини беради. Жабрланувчи чегарадан ўтиб, Қозоғистон ҳудудига ўтганидан сўнг, судланувчининг жиноий шериги – номаълум шахс уни кутиб олиб, жабрланувчини “Чимкент-Истанбул” йўналиши бўйича ҳаракатланган самолётда Туркияга юборган. Жабрланувчи Истанбулга боради, уни номаълум шахс кутиб олиб, Истанбулдаги уйлардан бирига олиб боради. Унга тегишли бўлган фуқаролик паспортини тортиб олишади. Турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб, тўрт ой давомида фоҳишалик билан шуғуллантирган.

Судланувчи жиноий ҳаракатларини давом эттириб, яна икки нафар жабрланувчиларни Туркияга юбориб, у ерда фоҳишалик билан шуғуллантириб, моддий даромад топишни кўзлайди. Бу жиноий режа ҳақида жабрланувчиларга маълум қилмасдан, Туркияда бола парвариши, кекса ёшдаги қарияларга қараш ва бошқа шу турдаги ишлар учун юқори миқдорда ойлик иш ҳақи тўланишини айтишади. Уларни ҳам алдаб, ишончига кириб, “Чимкент-Истанбул” йўналиши бўйича ҳаракатланган самолётда Туркияга юборган. Уларнинг ҳам фуқаролик паспортларини олиб қўйиб, фоҳишалик қилишлари учун сотиб олганлигини маълум қилиб, бир ой давомида турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлашган. “Иш берувчи” ҳам танишига 8 000 АҚШ доллари эвазига қизлардан бирини сотиб юборган, янги “иш берувчи” ҳам жабрланувчини фоҳишалик билан шуғуллантирган.

— Менга аёл танишим қўнғироқ қилди, суҳбат давомида Истанбулда эканини, у ерга келганига 2 йил бўлганини, фоҳишалик ишлари билан шуғулланиб келаётганини маълум қилди. Туркияда аёл таниши борлигини, у аёл танишимдан фоҳишалик ишлари билан шуғулланишга бирор бир қиз топиб беришда танишлар топиб беришда ёрдам беришимни сўради. Туркиядаги аёл танишига рақамимни бериб қўйишини, агар қиз чиқиб қолса гаплашиб беришимни айтди. Орадан вақт ўтиб, бир аёл қўнғироқ қилди, суҳбат давомида фоҳишалик қилишга қизлар чиқиб қолса унга қўнғироқ қилишимни айтди. Унга қизиқиб кўришимни айтдим. Жабрланувчи танишим эди. У олдимга келиб, қийналганини айтиб, ёрдам беришимни сўради. Унга Туркиядаги аёлни телефон рақамини беришим мумкинлигини ва у аёл ёрдам бериши мумкинлиги айтдим, - дейди айбига қисман иқрорлик билдирган судланувчи.

“ҲЕЧ ҚАНДАЙ ДАЪВОИМ ЙЎҚ”

Иссиқхонада ишлашига ишонган жабрланувчи судда қуйидагиларни баён қилди...

— Судланувчи ва унинг опаси билан 2016 йилда танишиб қолганман. Улар билан суҳбатлашиб турган вақтимда, опаси менга Қозоғистон Республикаси Сарағач туманида иш борлигини, у ерда ишлаб яхши ойлик маоши топишим мумкинлигини айтди. Дастлаб унинг таклифига рози бўлмадим. Сабаби 3 ёшлик қизим бор эди. Ўша вақтда ҳеч қаерда ишламасдим. Судланувчи ва опаси билан телефон орқали ҳол-аҳвол сўраб гаплашиб турардик. Орадан бир неча кун ўтиб, холамнинг уйига иккаласи келишди, бироқ уларни чақирмагандим. Улар Қозоғистон Республикаси Сарағач туманида жойлашган иссиқхонада ишлаш таклифини ўйлаб кўрганимни сўрашди. У ерда ишлаб, бир хонали хонадон сотиб олишим мумкинлигини айтишди. Ўша вақтда уйим бўлмагани сабабли, хусусан қишлоқда яшаган вақтимда, иссиқхона ишлари билан шуғулланиб юрганлигим учун уларнинг таклифига рози бўлдим. Сўнг судланувчининг опасига қўнғироқ қилиб, розилигимни билдирдим. Судланувчи билан кўришдидм, опасининг уйига олиб борди. У ерда бир кун қолдим. Эртаси куни опасида қизимни қолдирдим. Судланувчи эса мени Тошкент вилоятидаги чегара постига олиб кетди. У ерда нотаниш эркак кутиб олишини айтиб, рақамини берди. Судланувчидан унинг телефон рақамини нима қилишим кераклигини сўраганимда, “чегарадан ўтишинг билан унга қўнғироқ қил, кутиб олади”, деди. Фуқаролик паспортим билан Қозоғистон чегарасидан ўтдим. Бироқ мени чегарадан ўтиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларим йўқ эди. Бу ҳақда судланувчидан сўраганимда, “муаммо бўлмайди”, дейишди. Чегарадан ўтишим билан нотаниш эркак кутиб олди. Ўзининг бошқарувида бўлган автомашинага ўтказиб, қаергадир олиб бориб, ўзининг ишларини бажарди. Сўнг икки қаватли темир йўл изи ёнидаги кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватига олиб кирди. Уйга кирганимдан сўнг ундан “қачондан иссиқхонада ишлайман?” деб сўраганимда “ҳозир вақтим йўқ, эртага олиб кетаман”, деди. Шу билан у хонадонда ўзим қолиб кетдим. Эртаси куни ўша шахс тушлик учун овқат олиб келди. Кеч тушиши билан у ўзининг ишларини якунлаб бўлгач, кўп қаватли уйга олиб борди. Биринчи қаватига жойлаштирди, кечки овқатдан сўнг, “ухлаб дам олинг, Алматага авиачипта сотиб олишим керак”, деди. Иссиқхона жойлашган жой Алматада бўлса керак, деб ўйладим. Эртаси куни соат тахминан 04:00 ларда мени уйғотиб кетишим кераклигини айтди. У билан бирга аэропортга бордим, нотаниш аёлнинг суратини кўрсатиб, шу аёл мени Алматада кутиб олишини айтди. Самолётга ўтириб, учиб кетдим. Ёнимдаги йўловчи бир аёл қаерга ва нима учун кетаётганимни сўради. Иссиқхонада ишлаш учун Алматага кетаётганимни маълум қилдим. Шунда аёл Алматага эмас, аксинча Истанбулга кетаётганимни айтиб қолди. Ҳақиқатдан ҳам шу вақтда аэропорт бортида самолёт хизматчилари турк тилида гапиришаётганди. Ҳайрон бўлганча, Истанбулга етиб бордим. Суратда кўрсатилган тўлачадан келган, кўринишидан тожик миллатига мансуб аёл кутиб олди. Тақдирга тан бериб, у билан бирга кетдим. Мени кўп қаватли уйга олиб бориб, паспортимни беришимни сўради, дастлаб бермадим. “Бир маротаба кўриб қайтариб бераман”, деди. Қўл юкимни очиб турган вақтимда, аёлнинг ёнида бўлган билишича унинг акаси сумка ушлаб турган қўлимга оёғи билан бир маротаба туртиб тепиб юборди. Қўлимдаги сумка ерга тушди ва ичидаги паспортимни аёл олиб кўздан кечирди. “Паспортимни беринг”, деганимда қайтариб бермасдан, судланувчидан мени 10.000 АҚШ долларига сотиб олганини айтди. Бу пулларни қайтаришим учун фоҳишалик қилишим кераклигини билдирди. Мажбурликдан ва паспортимни тезроқ қайтариб олиб, Ўзбекистонга қайтишим учун унинг таклифига рози бўлдим. Истанбулда фоҳишалик қилиб юрган вақтларимда мижоз сифатида келган шахс билан яқиндан ташиб қолдим. Унга бўлган ҳолат тўғрисида батафсил айтиб бердим, дардимни тушуниб, Ўзбекистонга қайтишимга ёрдам беришини айтди. Кунларнинг бирида кечки вақт мен турган жойга келиб, эшик ёнида турган қоровулнинг қўлига пул бериб, спиртли ичимлик олиб келишини, у ердаги қизлар билан қолишини маълум қилди. Қоровул бинодан узоқлашиши билан менга орқа томондан пастга тушишимни ва мени олиб кетишини айтди. Шу тариқа у билан бирга қочдим. Бироқ фуқаролик паспортим у аёлда қолиб кетди. Мени олиб кетган эркакнинг яшаш хонадонига бордик. У ерда тахминан 2-3 ой муддат бирга никоҳдан ўтиб яшадик. Бу орада Туркиядаги танишлардан судланувчи Ўзбекистондан қочиб келганини эшитдим. У билан телефон орқали суҳбатлашдим, ўзаро олиб борилган суҳбатда судланувчи паспортимни олиб беришини, Ўзбекистонда қолиб кетган қизимни ёнига қайтишимни ва қандай ёрдам бўлса қилиб беришини айтиб телефонни қўйди. Вазият тақозоси билан сим картамни янгиладим. Бу орада мен билан никоҳдан ўтиб яшаган эркак Ўзбекистонга юборишини айтиб, тегишли ҳужжатларимни элчихона орқали тайёрлаб берди. Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича чипта сотиб олиб берди ва ўша куни Ўзбекистонга қайтдим. Ҳозирда судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоим йўқ, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўрайман.

2 ЙИЛ СИНОВ МУДДАТИ БЕЛГИЛАНДИ

Судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми “б,д,е,з,и” бандлари билан айбли деб топилди ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 72-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди. Синов муддати давомида белгиланган мажбуриятларни бажармаган ёхуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун маъмурий ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилган тақдирда ҳукмнинг шартлилиги унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан бекор қилиниб, ҳукмни ижро этиш тўғрисида ажрим чиқарилиши мумкинлиги тушунтирилди.

Унга нисбатан қўлланилган қамоқда сақлаш тарзидаги эҳтиёт чораси муносиб ҳулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чорасига алмаштирилиб, суд мажлиси залининг ўзида дарҳол озод қилинди.

Шохдиёр Шерматов,
жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!