Тошкентда ИИБ ходими билан тортишган 17 ёшли йигитда жароҳат излари аниқланди

Тошкентда ИИБ ходими билан тортишган 17 ёшли йигитда жароҳат излари аниқланди

Ижтимоий тармоқларда “Олга Бийсембаева” исмли фойдаланувчи Чилонзор туманида унинг ўғли ва ички ишлар органлари ходими орасидаги ҳолат ҳақида хабар қолдирди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур факт бўйича маълумот берди.

2021 йил 6 август куни тахминан соат 16:00 да Чилонзор тумани 6-кварталда яшовчи 1990 йилда туғилган София У. Чилонзор тумани ИИО ФМБ 1-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори катта лейтенант Нодир Aбдуллаевга ҳуқуқбузарликни қайд қилганини маълум қилиб, ҳолат бўйича қонуний чора кўришни сўраган. Яъни мурожаатчи турар жой ҳовлисида ўтирган уч нафар ўсмирлар белгиланмаган жойларга чиқиндилар улоқтиришаётганларини айтган. Ўзи томонидан берилган танбеҳларга ёшлар ножўя жавоб қайтаришган.

Ҳодиса жойига етиб келган профилактика инспектори ҳуқуқбузар 2004 йилда туғилган Максим П. эканлигини аниқлаган. Профилактик суҳбат давомида қоидабузарлар беодоблик қилиб, конструктив мулоқот қилишдан бош тортишган ва бу билан қўшниларига нисбатан ҳамда ИИО ходимига нисбатан ҳурматсизлик қилишган. Aфсуски, мазкур ҳолат сабабли профилактика инспектори ҳам ножўя иборалар ишлатиб, илгари ўсмирлар томонидан улоқтирилган бўш пластик баклажкани ҳуқуқбузар томон отган.

Вояга етмаган Максим П.нинг онаси 1987 йилда туғилган Олга Бийсембаева интернет тармоғидаги ўз хабарида юқоридаги ходим унинг ўғлига тан жароҳатлари етказганини айтиб ўтган. Максим П.ни кўрикдан ўтказган тиббиёт ходимлари унда лат еган жойлари борлигини аниқлашди. Aммо уларнинг келиб чиқиши текширувни талаб этади, чунки видеода тан жароҳатлари акс этган жойларга (суратда кўрсатилган) зарба берилгани кўринмаган.

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан юқоридаги ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув натижаларига кўра қонуний чора кўрилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!