Энди талабаларни ўқиш билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш мумкин эмас
Олий таълим соҳасини тартибга солувчи янги меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, 2026 йил 3 апрель куни мазкур ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилган.
Янги тасдиқланган низомда олий таълим тизимини ташкил этиш, таълим жараёнини йўлга қўйиш, бошқарув ва молиявий муносабатлар, шунингдек, талабалар ва педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилган.
Ҳужжатга кўра, талабалар қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
— таълим сифатини ошириш бўйича таклифлар киритиш;
— таълим жараёнига оид муҳокамаларда иштирок этиш;
— кутубхона ва ахборот ресурсларидан бепул фойдаланиш;
— халқаро алмашинув ва қўшма таълим дастурларида қатнашиш;
— олий таълим муассасаси қарорлари устидан шикоят қилиш;
— меҳнат қонунчилиги асосида ишлаш;
— кундузги таълим шаклида таҳсил олувчилар учун стипендия олиш.
Шу билан бирга, талабаларни таълимга алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш қатъиян тақиқланди.
Янги низомга мувофиқ, таълим жараёни миллий кредит-модул тизими асосида ташкил этилади ва у Европа кредит трансфер тизими талабларига мослаштирилади.
Олий таълим бакалавриат (камида 3 йил) ва магистратура босқичларида амалга оширилади.
Шунингдек, сиртқи таълим кундузги таълимга нисбатан камида 1 йилга, кечки таълим эса камида ярим йилга узоқ бўлиши белгиланди.
Олий таълим муассасаларида таълим қуйидаги шаклларда ташкил этилади:
— кундузги;
— масофавий;
— дуал;
— инклюзив.
Янги ҳужжатга кўра, олий таълим ташкилотларига академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади. Шу билан бирга, таълим дастурлари меҳнат бозори талабларига мослаштирилиб, иш берувчилар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.
