“Толибон” ҳукмронлиги даврида Жаҳон банки Афғонистонга 1,7 млрд доллар ажратди
Жаҳон банки 2021 йил август ойидан бошлаб, Афғонистонда “Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келганидан бери мазкур давлатга 1,7 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратди.
Халқаро молия институти вакиллари Афғонистондаги асосий лойиҳалар аҳоли турмуш фаровонлиги, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, инсон ҳуқуқларини кенгайтириш билан боғлиқ эканини таъкидлаган.
Ташкилот ҳисоботида, шунингдек, давлат ҳокимияти органларига кўмак беришда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган. Таҳлилчилар фикрича, бу тенденция афғон оилалари фаровонлигининг иқтисодий ўсишига, қашшоқлик ва ишсизликнинг қисқаришига олиб келади.
Ўз навбатида, “Толибон” Иқтисодиёт вазирлиги Жаҳон банки қатор лойиҳаларни якунламаганини таъкидлаб, ташкилотни бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақирган. Вазирлик вакили Абдул Раҳмон Ҳабибнинг аниқлик киритишича, гап IT инфратузилмаси, телекоммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳалардаги лойиҳалар ҳақида бормоқда.
“Бу йўналишда молиялаштиришнинг қайта йўлга қўйилиши қўшимча иш ўринларини яратиш ва бутун мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш имконини беради”, дея таъкидлаган афғон расмийси.
Қайд этилишича, Толибон Афғонистонда ҳокимиятни ўрнатгач, кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан, Жаҳон банки ушбу давлатга ёрдам миқдорини қисқартирган.
Бундай хатти-ҳаракатларнинг сабабларидан бири аёллар ва қизлар ҳуқуқларининг поймол этилишидир. Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам бу жиҳатга алоҳида тўхталиб, “Толибон”ни аёлларга нисбатан қўйилган чекловларни зудлик билан бекор қилишга чақирган эди.
Австралия, Канада, Германия ва Нидерландия Гаагадаги Халқаро судга аёлларни камситишда давом этаётган афғон расмийларига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиш ниятида эканлигини билдирган. Бунга жавобан “Толибон” вакиллари ўзларига қарши даъволарни рад этиб, мамлакатда барча фуқаролар, айниқса, қизлар ва аёллар ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини маълум қилган.