«The Marco Polo Drive of Peace» халқаро экспедицияси иштирокчилари Хоразм ва Бухоронинг туристик салоҳияти билан танишдилар
Ўзбекистон бўйлаб сафарини давом эттираётган «The Marco Polo Drive of Peace» халқаро электромобиллар экспедицияси иштирокчилари Хоразм ва Бухоро вилоятларига ташриф буюриб, ҳудудларнинг бой тарихий-маданий мероси ҳамда замонавий туристик салоҳияти билан яқиндан танишдилар.
Хоразм вилоятида экспедиция иштирокчилари UNESCO Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Хива шаҳрида бўлиб, меъморий ёдгорликлар, музейлар ва бошқа диққатга сазовор туризм объектларини зиёрат қилдилар. Шунингдек, улар ҳудуднинг миллий анъаналари, ҳунармандчилиги ва ўзига хос маданияти билан танишдилар.
Шундан сўнг экспедиция йўналиши Бухоро вилоятида давом этди. Бу ерда хорижий меҳмонлар дунёга машҳур тарихий обидалар, замонавий туризм мажмуалари, жойлаштириш воситалари ҳамда бошқа туристик масканларни кўздан кечирдилар. Бу уларга ҳудуднинг бой маданий мероси ва сайёҳлар учун яратилган имкониятлар ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини берди.
Ташриф давомида экспедиция иштирокчилари Ўзбекистонда туризм инфратузилмасининг ривожланиши, янги туристик лойиҳалар ҳамда хорижий сайёҳлар учун яратилган қулай ва хавфсиз саёҳат шароитлари билан ҳам танишдилар.
Хоразм ва Бухорога ташриф якунлари бўйича халқаро экспедиция вакиллари маданий мерос объектларининг юқори даражада асраб-авайланаётгани, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ҳамда Ўзбекистоннинг маданий-маърифий, экологик ва автотуризмни ривожлантириш борасидаги улкан салоҳиятини алоҳида эътироф этдилар.
