Tesla акциядорлари Илон Маскни ўз лавозимларида қолдиришга қарор қилишди

Tesla акциядорлари Илон Маскни ўз лавозимларида қолдиришга қарор қилишди

Бундай қарор компания директорлар кенгашининг 5 июндаги йиғилиши натижаларига кўра кўпчилик овоз билан қабул қилинди. 

“Директорлар кенгаши бошқарувни бошқа одам эгаллаганда компаниянинг ҳозирги муваффақияти бўлмасди, деб ҳисобламоқда. Кенгаш, шунингдек, компания ҳозирги чақириқлар ва ташқи босимга тезда мослашиши зарур бўлган онда бошқарув компаниянинг операцион фаолияти билан яқиндан боғланган бўлиши муҳим, деб ҳисоблайди”, деб айтилган баёнотда.     

Маскни лавозимларидан кетказиш таклифини апрелда компаниянинг бор-йўғи 12 та акциясига эга бўлган миноритар акциядори Цзин Чжао билдирган. Унинг таклифини баъзи акциядорлар, жумладан дунёдаги энг катта инвестицион жамғарма Norges Bank Investment Management ҳам қўллаб-қувватлаган. Маскни лавозимидан кетказиш учун акциядорларнинг учдан икки қисми овози лозим бўлган. Бироқ Маскнинг ўзига 20 фоиз акция тегишли экани ҳисобга олинса, бундай натижага эришиш амримаҳол ҳисобланади.

Шунингдек, бошқа лавозим алмаштириш таклифлари ҳам қўллаб-қувватланмаган. Йиғилишда компаниянинг учта директори: компаниянинг етакчи директори Антонио Грасиас, Илон Маскнинг укаси Кимбал ва 21st Century Fox Inc. кинокомпанияси бош директори Жеймс Мердок ваколатларини узайтирмаслик масаласи ҳам кўрилган. Уларнинг қайта сайланишларига қарши чиққанлар Грасиас ва Кимбал Маск Илон Маскка жуда яқин эканликларини, Мердокнинг эса автомобил бизнесида ҳеч қандай тажрибаси йўқлигини важ қилишган. Бироқ кўпчилик акциядорларни бу важлар қониқтирмаган ва юқоридаги шахсларнинг барчаси ўз вазифаларини бажаришни давом эттиради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!