Тарихий Ортаҳисар қишлоғи Cittaslow тармоғига қўшилди
Каппадокиянинг марказида жойлашган тарихий Ортаҳисар қишлоғи Халқаро Cittaslow (Секин шаҳарлар) тармоғига расман аъзо сифатида қабул қилинди. Узоқ ва пухта тайёргарлик жараёнидан сўнг Ортаҳисар рекорд даражадаги балл тўплаб, барқарор шаҳар ривожи ҳамда бетакрор маданий меросини асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларида муҳим босқичга эришди. Шаҳарнинг Cittaslow тармоғига қўшилиши билан Туркиядаги секин шаҳарлар сони 29 тага етди.
Ортаҳисар: тарихий мерос ва сокин ҳаёт уйғунлиги
Ургупдан тахминан 6 км узоқликда жойлашган Ортаҳисар Форбес журналининг 2025 йилги “Дунёнинг энг гўзал 50 қишлоғи” рўйхатига киритилди. Шаҳар ўзига хос қоя меъморчилиги, қадимий қалъаси ҳамда осмон узра парвоз қилувчи иссиқ ҳаво шарларига бой бетакрор манзаралари билан ажралиб туради.
Шаҳар марказида Хет даврига оид Ортаҳисар қалъаси қад кўтарган. Мазкур иншоот минтақанинг энг баланд нуқталаридан бири сифатида Каппадокиянинг ҳайратомуз манзараларини кенг панорамада намоён этади. Қоятош ичига ўйиб барпо этилган бу қадимий мажмуа мураккаб ғорлар, каптархоналар ва лабиринтсимон туннеллар тизимидан иборат бўлиб, кўпчилик томонидан “дунёдаги энг қадимий кўп қаватли турар-жойлардан бири” сифатида эътироф этилади. Қалъа атрофида Каппадокияга хос маҳаллий меъморчиликнинг ноёб намуналари мужассам. Ўрик расталари, атиргул ифори таралиб турадиган чой боғлари ва тош ётқизилган кўчалар сайёҳларни манзарали водийлар сари етаклайди.
Ўртаҳисар шунингдек, Сарижа, Жамбазли, Тавшанли, Болқон Дереси черковлари ва Ҳаллач дереси монастири каби эътиборга молик диний ёдгорликларга ҳам эга.
Туркияда Cittaslow тармоғининг кенгайиши
Cittaslow ҳаракати глобаллашув натижасида шаҳар ҳаётининг бир хиллашиб, унинг ўзига хос қиёфаси йўқолиб бораётгани ҳақидаги хавотирларга жавобан юзага келган. Ушбу тармоққа мансуб шаҳарларда ҳаёт сокин суръатда кечади, маҳаллий ошхона, меъморчилик, анъаналар ва тарихий мерос эса эҳтиёткорлик билан асраб-авайланади.
Туркияда Cittaslow тармоғи 2009 йилда Сефериҳисарнинг ушбу ҳаракатга биринчи турк шаҳри сифатида қўшилиши билан шаклланди. Шундан буён янги шаҳарларнинг аъзо бўлиши натижасида тармоқ изчил кенгайиб бормоқда.
Бугунги кунда Cittaslow Туркия мамлакатнинг етти минтақасидаги 24 вилоятда жойлашган 29 туманни қамраб олади. Бу эса Туркиянинг бой маданий мероси ва маҳаллий ўзига хослигини асраб-авайлаш борасидаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
Туркиянинг 29 та Cittaslow шаҳри қаторига Аҳлат, Акяка, Арапгир, Чамели, Демре, Дадай, Эғирдир, Финике, Фоча, Гўкчеада, Герзе, Гўйнук, Гудул, Ҳалфети, Ибради, Изник, Кемалие, Кўйжеғиз, Мудурну, Ортаҳисар, Першембе, Сафранболу, Саркўй, Шавшат, Сефериҳисар, Узундере, Визе, Ялвач ва Енипазар киради.
