Тарки одат амримаҳол: Трамп яна эски “ҳунар”ини такрорлади
АҚШ президенти Дональд Трамп 24 февраль куни Конгрессда мамлакатдаги вазият ҳақида маъруза қилди. Икки соатлик нутқи мобайнида у дунё сиёсати, миграция ва иқтисодиёт хусусида кескин баёнотлар берди ва унинг даврида Қўшма Штатлар “мисли кўрилмаган даражада бой ва кучли давлатга айлангани”ни таъкидлади. DW Трамп Конгрессдаги чиқиши мобайнида бир қатор ёлғон баёнотлар берганига эътибор қаратди.
Трамп президентлигининг дастлабки 10 ойида Камбожа ва Таиланд, Покистон ва Ҳиндистон, Косово ва Сербия, Исроил ва Эрон, Миср ва Эфиопия, Арманистон ва Озарбайжон, Конго ва Руанда ўртасидаги ва Ғазодаги жангларни – жами саккизта урушни тўхтатганини айтган.
“Оқ уй хўжайини талай урушларни тўхтатгани ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. Ўтган йил кузида БМТ Бош ассамблеяси сессиясидаги маърузасида у еттита урушга чек қўйганини айтган эди, энди эса бу рўйхатга Ғазодаги урушни ҳам қўшибди. Аммо бу даъво ёлғондир – у санаб ўтган урушларнинг аксари ҳали тугамаган, Трампнинг тинчликпарвар сифатидаги роли эса баҳслидир”, – деб ёзади DW.
Трамп Жо Байден маъмурияти АҚШ тарихида энг юқори инфляцияни келтириб чиқаргани, ўзи эса пул қадрсизланишини кескин туширганини ҳам қайд этган.
Аниқланишича, Трамп раҳбарлиги даврида инфляция кўрсаткичи бироз пасайган бўлса-да, уни кескин тушиш деб бўлмайди. АҚШ тарихидаги энг юқори инфляция кўрсаткичи эса Байден даврида эмас, балки 1919-1920 йилларда кузатилган.
Трамп одатига содиқ қолган ҳолда Байденни кескин танқид қилар экан, унинг даврида хориж қамоқхоналари ва жиннихоналаридан чиққан миллионлаб одам АҚШга ёпирилиб келганини айтган. Фактчекинг жараёнида бу иддао ҳам тасдиқланмаган.
АҚШ раҳбари маъруза ва баёнотларида алдов аралаштириши янгилик эмас. Ҳатто биринчи президентлик даврида ҳам у ёлғон-яшиқдан у қадар тортинмаган. Масалан, CNN телеканали 2019 йилда Трамп бир ҳафта давомида 21 маротаба ёлғон гапирганини ҳисоблаб чиққанди.
У БМТ Бош ассамблеясида жорий йил 23 сентябрь куни сўзлаган маърузасида ҳам ёлғон ва чалғитувчи факт ҳамда фикрларни илгари сурганди.
Сиёсатчи 2024 йил июнь ойида Байден билан сайловолди теледебатда ҳам 30 та ёлғон баёнот бергани маълум.
