Тадбиркорлар диққатига: замонавий сузиш ҳавзалари (бассейнлар) қурганларга субсидия тўлаб берилади
Давлат томонидан туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган яна бир муҳим қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилди.
Тадбиркорлар диққатига: замонавий сузиш ҳавзалари (бассейнлар) қурганларга субсидия тўлаб берилади
Ҳукумат қарори билан **“Янги замонавий сузиш ҳавзаларини (бассейн) қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”**нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Эндиликда замонавий сузиш ҳавзаси қуришни режалаштираётган тадбиркорлар қурилиш ва ишга тушириш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган қисмини давлат томонидан қоплаб олиш имкониятига эга.
Мазкур қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 2026 йил 1 февралдан 2028 йил 1 январгача фойдаланишга топшириладиган дастлабки 100 та замонавий сузиш ҳавзаси учун субсидия ажратилади.
Субсидиядан фойдаланиш учун талабгор:
- солиқ ва йиғимлар бўйича қарздор бўлмаслиги;
- қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги;
- фаолияти қонунчиликка мувофиқ вақтинча тўхтатилмаган бўлиши;
- суд қарори билан тўловга қобилиятсиз деб топилмаган бўлиши лозим.
Ариза Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали Туризм қўмитасига тақдим этилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
- сузиш ҳавзасининг лойиҳа ҳужжатлари нусхаси;
- қурилиш ва ишга тушириш бўйича пудрат шартномаси нусхаси;
- амалга оширилган тўловларни тасдиқловчи электрон ҳужжатлар.
Туризм қўмитаси харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг 10 иш куни ичида субсидия маблағлари талабгорнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Замонавий сузиш ҳавзалари нафақат соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, балки ҳудудларда туризм ва спорт инфратузилмасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда даромадли бизнесни йўлга қўйиш учун истиқболли йўналишлардан биридир. Давлат томонидан тақдим этилаётган ушбу имкониятдан самарали фойдаланиб, ўз лойиҳангизни бугуноқ амалга оширишни бошланг.
