Суяк емирилиши касаллиги нега кўпаймоқда?
📊 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозир дунё аҳолисининг 20 фоизи таянч-ҳаракат тизими касалликларидан азият чекмоқда. Энг ёмони, бундай хасталиклар ногиронликни келтириб чиқарувчи омиллар орасида етакчи ўринда.
📈 Хавотирли жиҳати, кейинги йилларда СOVID-19 асоратлари туфайли суяк бўғимлари емирилиши ташхиси қўйилган беморлар сони сезиларли даражада кўпамоқда. Шундай касалликлардан бири — асептик некроз.
▶️ Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов шу мавзудаги мулоҳаза ва хулосалари билан ўртоқлашди.
— Бу оғир касаллик тиббиётда сон суяги бошчасининг аваскуляр остеонекрози деб ҳам аталади, — дейди мутахассис. — У суяк тўқимасида қон оқими вақтинча ёки доимий бузилиши оқибатида юзага келади.
👨🏻🦽Соддароқ тушунтирсак, танамиздаги суяклар бир-биридан тоғай билан ажралиб туради. Юзалари бўғим пайлари билан мустаҳкамланган. Улар ҳаракат чоғида юзага келадиган ташқи зарбаларга қалқон бўлади.
🔬 Бўғимлар ички қавати эса махсус парда билан қопланган бўлиб, ўзидан суюқлик чиқариб туради ва шу туфайли бўғимлар эластиклиги ортади ҳамда ҳаракат-таянч вазифасини ўтайди.
🔎 Сон суяги бошчаси тананинг шу қисмидан ўтган битта артерия билан озиқланади. Агар унга қон бориши бузилса ёки тўхтаса, бўғимлар кислород ва бошқа ҳаётий зарур моддаларга тўйинмаслиги оқибатида некроз, яъни ҳужайра ва тўқималар нобуд бўлиши жараёни бошланади.
🦿Некроз ўчоғи катталашгани сайин сон суяги бошчаси ўз мустаҳкамлигини йўқотиб, тана оғирлигига бардош беролмай қолади.
📌 Бора-бора тананинг бу қисми шунчалик мўрт бўлиб қоладики, у жисмоний ҳаракатлар остида худди тухум пўчоғидек уқалана бошлайди. Сўнг чаноқ-сон бўғимида кучли оғриқлар юзага келиб, ҳаракат чекланади.
💊 Касаллик шаклланиши турли омиллар билан боғлиқ. Тромбоз, тромбоэмболия, гормон воситалари, бўғимлар шикастланиши, спиртли ичимликлар шулар жумласидан. Қолаверса, асептик некроз оғир ревматик касалликлар ҳамда COVID-19 асорати сифатида ҳам шаклланиши мумкин.
Яъни пандемия даврида айрим беморлар белгиланган дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиши, айниқса, гормон препаратларини палапартиш қўллаши уларда аваскуляр остеонекроз пайдо бўлишига олиб келди.
⛔️ Чунки бу препаратлар Д витамини ва кальцийнинг суякка етиб боришига тўсқинлик қилади. Қолаверса, сон суяги бошчасини озиқлантирувчи томирлардан ўтаётган қон қуюқлашиши бу бўғимнинг нормал озиқланишига тўсқинлик қилади.
‼️Худди шундай омиллар асептик некрозга чалинган беморлар сони кейинги йилларда 3-4 баробар ортишига олиб келди. Таҳлилларимизга кўра, ҳозир бу ҳолат кўпроқ эркакларда кузатилмоқда.