Стармернинг Украинага тинчликпарварларни юбориш режаси "сиёсий театр" ва шошқалоқлик — Тhe Telegraph

Нашр бу ҳақда британиялик юқори мартабали ҳарбийларга таяниб ёзмоқда.
"Ҳарбий ёки ҳарбий-стратегик режалаштириш бўйича аниқ таклифлар мавжуд эмас. Буларнинг барчаси “сиёсий театр”. Стармер ушбу масалани тўлиқ англаб улгурмасиданоқ, қуруқликдаги қўшинлар ҳақида сўз юритди. Шу сабабли ҳозир бу ҳақда камроқ эшитмоқдамиз, аксинча, амалга ошириш нисбатан осонроқ бўлган ва Украина ҳудудида жойлаштириш талаб қилинмайдиган самолётлар ва кемалар ҳақида кўпроқ гапирилмоқда", – дея фикр билдирди манбалардан бири.
Бошқа бир манбанинг маълум қилишича, музокаралар ҳали "бошланғич босқичда" бўлиб, ҳозирча фақат 30 та давлат ўзаро ҳамкорлик масаласини муҳокама қилмоқда.
"Бу сиёсий масала бўлиб, унда ҳарбий жиҳатдан амалий зарурат мавжуд эмас. Руслар ҳам, америкаликлар ҳам Британия бошчилигидаги коалицияни қўллаб-қувватламайди. Шунингдек, ҳеч ким бу миссиянинг аниқ мақсади нимадан иборат эканлигини тушунмайди", — дея қўшимча қилди расмий.
"Украина ва унинг атрофида тахминан 700 000 россиялик ҳарбий ва миллиондан ортиқ украиналик аскар мавжуд. Ғарбда, фронт чизиғидан 400 км узоқликда жойлаштириладиган 10 000 кишилик халқаро куч қандай вазифани бажариши керак? Улар ҳатто ўз хавфсизлигини таъминлай олмайди. Миссиянинг аниқ мақсади нима? Унинг ҳуқуқий асоси қандай? Уларни ким бошқаради, ким таъминлайди ва қаерга жойлаштиради? Улар у ерда қанча вақт бўлади? Бу саволларга ҳозирча аниқ жавоб йўқ", – дея қўшимча қилди ҳарбий манба.
The Telegraph'нинг ёзишича, ҳатто агар Пасхага қадар қандайдир режа ишлаб чиқилса ҳам, уни амалга ошириш сиёсий ва дипломатик масала бўлиб қолади. Ҳозирда Британия тузишни режалаштираётган коалиция, асосан, "Украина хавфсизлигига содиқликни намоён қилишга" қаратилган.