ССВ: Вазирликда қатор делегация вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди

ССВ: Вазирликда қатор делегация вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди

Соғлиқни сақлаш вазирлигида БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абесзаде билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида юртимизда жамғарма билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлиги ҳақида ўзаро фикр алмашилди.

Таъкидланишича, UNFPA томонидан Япония ва Франциянинг мамлакатимиздаги элчихоналари молиявий кўмагида ва ЖССТ билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида бачадон бўйни саратонини эрта скрининг ёрдамида аниқлаш бўйича биринчи синов лойиҳаси йўлга қўйилган.

Бунинг учун 10 дона энг илғор ПЗР аппаратлари ва тестлар етказиб берилиб, 8 та лаборатория ташкил этилди. Шунингдек, мутахассислар ушбу касалликка тест ўтказиш, ташхис қўйиш, беморларни назорат қилиш ва даволаш бўйича ўқитилди.

Мазкур лойиҳа доирасида бугунгача икки ҳудудда 30–55 ёшдаги жами 56 минг нафар аёл одам папиллома вирусига қарши текширувдан ўтказилиб, касаллик аниқланган беморлар даво муолажаларини олиш учун йўналтирилди. Бачадон бўйни саратони хавфи аниқланган аёлларга эса мутахассислар томонидан керакли тавсиялар берилди.

Мулоқот давомида шу каби лойиҳаларнинг амалий натижалари ва келгусидаги режалар белгилаб олинди.

Шунингдек, вазир вазифасини бажарувчи А. Худаяров “Dauteen Group” асосчиси Ван Ли хоним бошчилигидаги Хитой Халқ Республикаси делегациясини қабул қилди.

Айтиш лозимки, мазкур инвестицион гуруҳ замонавий корпоратив платформа бўлиб, тиббиёт ва тиббий саноатни бир-бирига интеграция қилишга асосланган йирик лойиҳаларни ўз ичига олади. Хусусан, ташхис қўйиш, фармацевтика, кам инвазив хирургия, соғлиқни сақлаш саноати соҳалари шулар жумласидан.

Учрашувда юртимизда молекуляр-диагностик технологиялар ва клиник касалликлар марказларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, А. Худаяров Ҳиндистоннинг “Andhra Pradesh Medtech Zone Limited” (AMTZ) корпорацияси бош ижрочи директори Ж. Шарма бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, AMTZ дунёдаги энг йирик тиббий технологияларни ишлаб чиқариш кластерларидан бири бўлиб, унинг таркибида 140 дан ортиқ компания фаолият юритади.

Мулоқот давомида Ўзбекистон – Ҳиндистон ўртасидаги тиббиёт соҳасида икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш ҳамда янги инновацион технология ва ғояларни юртимизда татбиқ этиш масаласига тўхталиб ўтилди. Жумладан, мамлакатимизда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва кўп тармоқли шифохона ташкил этиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!