Совға!

Совға!

Ҳар қандай совғанинг аҳамиятини ва сиз учун қадрини кўтарадиган жиҳати нимада эканлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Ҳаётда бўладиган воқеалардан мисол олинг. Туғилган кунингиз. Ҳамкасбларингиз ўзаро пул йиғишиб сизга ажойиб бир қўл соати совға қилишди. Ёки сиз ҳурмат қиладиган, ҳайиқадиган ва албатта эътиборига тушишни истайдиган раҳбарингиз сизни чақириб, мен сенга алоҳида совға тайёрлаб қўйдим, деса. Қайси совға сиз учун қадрлироқ бўлади?

Ёки оддий рўмолча. Дўстингиз, “Ма ол, ишлатиб юрасан, яхши экан”, деб бергани қаерда-ю, сиз севган, ёқтирган, балким етиша олмаган ва “Мен сиз учун олдим”, деб бериб кетган. Балким қайтиб келмайдиган биринчи муҳаббатингизнинг рўмолчасининг қадри қаерда. Иккиси ҳам бир хил рўмолча, тўғрими?

Охирги йилда олган барча совға ва ҳадяларингизни бир сарҳисоб қилиб кўринг, қай бири сиз учун қадрлироқ ва нега?

Совғани, ҳадяни ва тухфани қадрли қилувчи нарса аслида унинг ўзи эмас, балки уни бераётган шахснинг сиз учун аҳамияти, сизга кўра мақомидир.

Ўша соатни сизга, масалан, давлат раҳбари берди. Кабинетига чақиртириб. Чақирганда ҳам, аввал Давлат маслаҳатчисига топшириқ беради, маслаҳатчи вазирга, вазир ҳокимга, ҳоким раҳбарингизга ёки маҳалла раисинингизга (ўзи агар югириб келмаса). Шундай қилиб тепадан то сизгача чақириқ нечта мақомлар орқали ўтиб келади.

- Саид Комил Холхўжаев сизмисиз?! Тез тайёрланинг, кетамиз. Бундаймас, яхши кийимларингизни кийинг, уст-бошингизга қаранг! Сочингизни таранг! 
- Нимага тинчликми?
- Тинчлик, кейин биласиз...

Бир неча постлардан ўтасиз, сизни умуман кўрмаган, танимаган, бошқа пайт аҳамият бермайдиган Давлат маслаҳатчилари ҳам туриб кутиб олади, фалон нарсани айтинг, секин гапиринг, мулозамат қилинг, доим ташаккур айтинг, ерга қараб туринг, у қилинг бу қилинг деб ўргатади. Сўнг кабинет эшиги очилиб, сизни чақиришади ва сиз учун Шахсан ўзлари “Саид Комил, мана бу соатни сизга совға қиламан, шахсан сиз учун, ўз номимдан” дейди.

Нима бўлди, тинчликми? Нега менга, шахсан ўзлари, нима қилдим, нима қилишмоқчи, деган мингта ҳаёл билан қўлингиз қалтираб, тилингиз тутилади. Р-р-р-р-раҳмат! деб донг қотасиз. Нега? Чунки шахсан ўзлари чақириб бердилар, чақирганда ҳам через – через кимлар орқали!

Соат қадрли-я?! Қадрли албатта, шахсан ўзлари берди-я! Оддий бир соат бўлмаса.

Ҳаётда шундай воқеалар бўлиши мумкинми? Мумкин ва бўлмоқда ҳам. Ҳар куни, менга, сизга, ҳаммамизга шундай совғалар берилади.

Берганда ҳам шахсан Ўзи беради. Етти осмон тепасидан, азим фаришталар орқали хабар бериб, фалончи бандамга борингларда менинг ҳузуримдан фалон-фалон нарсани ризқ қилиб беринглар. Тепадан пастки қаватга, сўнг ундан пастки осмонга, сўнг яна пастга, то сизгача, фаришталар орқали "Аллоҳнинг ҳузуридан Саид Комилга" деган ризқ тушиб келади ва сизга тонг саҳарда етиб келади, сиз эса саҳарда ғафлат босиб ухлаб ётган бўласиз.

Ҳар кунлик ризқингиз, шахсан Ўзидан! Қадрли эмасми?! Ўғлингиз, қизингиз, ишингиз, ойлигингиз, топганингиз, соғлиғингиз, тинчлигингиз, офиятингиз шахсан Олий ва Азим бўлган Зот, оламларнинг Роббиси Аллоҳдан, Унинг ҳузуридан эмасми? Раззоқ ва Роҳмандан эмасми?!

Аслида Аллоҳнинг ўзи учун У бераётган неъматнинг катта ёки кичиклиги йўқ. Бир қултум сувни ҳам, бутун олам бойликларини ҳам сизга “Ол!” дейди, оласиз. Унинг ҳузуридан заррача нарса камайиб ҳам қолмайди.

Яъни ризқнинг қадри унинг нима эканлиги эмас, кимдан эканлигида-ку! Нега қадрламайсиз?

"Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!" ("Роҳман" сураси).

"Албатта, инсон ўз Роббисига ношукрдир. Ва албатта, у ана шунга ўзи гувоҳдир" ("Адият" сураси).

Эй Роббим, бизни ношукр бандаларингдан қилмагин. Етти осмон устидан бизга хос қилиб берган ҳар бир ризқингга, неъматингга ва фазлингга Ўзинг рози бўладиган даражада шукр қиламиз!

Ва албатта буларнинг ҳисобини бериш учун Ўзингга бир кун қайтамиз!....

Саид Комил ХОЛХЎЖАЕВ,

Azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!