СМТИ Япониянинг етакчи таҳлил марказлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

СМТИ Япониянинг етакчи таҳлил марказлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

http://storage.ismi.uz/source/1/08.2023/77-1.jpg

Таҳлил ва илмий-академик доира вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Японияда бўлиб турибди. Экспертлар орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Бахтиёр Мустафоев ҳам бор.

Жорий йил 10 июлда Тсукуба университетида «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида билим ва инновацияларни биргаликда илгари суриш” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган илмий тадқиқотларнинг истиқболли йўналишларини белгилаш ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий тадбирлар мавзулари юзасидан фикр алмашдилар.

http://storage.ismi.uz/source/1/08.2023/78.jpg

Тсукуба университетида Ўзбекистон делегацияси шарафига мамлакатимиз байроғи кўтарилди.

Жорий йил 11 июлда, 1997 йилдан бери иқтисодиёт, атроф-муҳит, соғлиқни сақлаш, таълим, фан ва технологиялар бўйича мустақил тадқиқотлар олиб бораётган Япониянинг етакчи таҳлил маркази бўлган Токио сиёсий тадқиқотлар фонди раҳбарияти ва экспертлари хусусан, президент Кадоно Изуми, ижрочи директорлар Мари Сузуки ва Миено Накабаяши билан самарали музокаралар бўлиб ўтди.

http://storage.ismi.uz/source/1/08.2023/79.jpg

Томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Икки томонлама муносабатлар барча соҳаларда жадал ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигидаги прагматик ва фаол ташқи сиёсат туфайли Япония билан кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун янги стратегик имкониятлар очилаётгани таъкидланди. Савдо, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди.

Икки давлат таҳлилий марказлари иштирокида мунтазам учрашув ва тадбирлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

http://storage.ismi.uz/source/1/08.2023/81.jpg

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбарияти билан бир қаторда, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Марказий Осиё халқаро институти раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Ташриф дастуридан Япония халқаро муносабатлар институти билан ҳамкорликда «Ўзбекистон-Япония эксперт мулоқоти: янги шароитларда стратегик шериклик» мавзусида конференция ўтказиш ҳам ўрин олган.

Қўшма эксперт форуми давомида икки мамлакат тадқиқотчилари Ўзбекистон-Япония муносабатларининг долзарб жиҳатларини муҳокама қилади ва унинг асосида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!