“Silk Road Samarkand” мажмуасида жойлашган Марказий Осиёдаги энг йирик конгресс маркази ҳақида

“Silk Road Samarkand” халқаро сайёҳлик мажмуаси томонидан оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур уюштирилганлиги ҳақида хабар бергандик. Мазкур пресс-тур давомида мажмуадаги “Congress Center” – халқаро конгресс маркази катта таассурот қолдирди.
Марказ масъулларининг маълумотига кўра, бу марказ Марказий Осиёдаги энг йирик конгресс маркази ҳисобланади. Таъкидлаш керакки, юқори технологияли залда 3500 иштирокчига мўлжалланган ўн учта конференция заллари мавжуд.
Бундан ташқари, конгресс маркази конгресслар, форумлар, конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар, тақдимотлар, намойишлар ва банкетлар учун мўлжалланган замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Конгресс марказининг майдони 18 000 м2 ни ташкил қилади.
Марказда қад ростлаган конгресс марказида ҳам миллий, тарихий-этнографик муҳит ҳукмрон. Бу ерда қадим тарихга оид турли манбалар, ёдгорликлар билан танишиш мумкин.
Пресс-тур иштирокчилари тарихий материаллар ва ўзига хос санъат асари — «Қуёш» билан танишишди. Мазкур асар муаллифи асли самарқандлик, айни дамда эса Буюк Британияда ижод қиладиган рассом, ҳайкалтарош Юнус Сафардиёр ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, ушбу санъат асари кинетик санъат дейилади, яъни ҳаракатга келтирувчи санъат.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти тасвирий санъат кафедраси доценти Шуҳрат Абдуллаев: “Қуёш”га эътибор берсангиз, доим нур сочиб туради. Муаллиф жуда яхши ғоя ўйлаб топган. Бир қарашда оддий, аммо, аслида, кишини ўйлашга, мулоҳаза юритишга ундайди", – дея изоҳ берганди.
Бир сўз билан айтганда, конгресс маркази ОАВ вакилларида катта таассурот қолдирди.