Шавкат Мирзиёев — бемор отасини парваришлаган фарзанд (воқеий ҳикоя)

Шавкат Мирзиёев — бемор отасини парваришлаган фарзанд (воқеий ҳикоя)

– Отанинг ўз ўғлига, ёки ўғилнинг ўз отасига меҳрибонлиги табиий ҳол. Бу табиийлик, Худонинг каломи орқали одоб-ахлоқнинг энг гўзал кўриниши деб эътироф этилган. Аммо ҳамма ўғил ҳам отасига меҳрибонми, ҳамма ота ҳам ўғлига меҳрибонми? – дея, бўлиб ўтган бир воқеани сўзлаб берган эди Сирдарё элининг ҳурматли оқсоқоли Абдуллажон Турдиқулов. – Бу олатасир замонда, бир-бири билан ёқалашаётган, бир-бири билан судлашаётган ота ва ўғилни кўрдик. Юмшоқроқ айтсак, хаж сафарига кетаётган отасини кузатмаган ўғилни кўрдик, бир йилда бир ота ҳолидан хабар олмаган ўғилни кўрдик, ҳали ота тирик туриб, мол-мулкини талашаётган ўғилни кўрдик. Буларни кўраверганингиздан кейин отани бошига кўтариб юрган мард ўғиллар кўзингизга чақмоқдай кўринар экан. Дунёда отасининг дуосини олмаган одамнинг бири ҳечқачон икки бўлмайди. Кимки униб ўсса ота дуоси туфайли униб ўсади. Шавкат Миромонович шундай, отасининг дуосини олган йигит.
Шавкатнинг отаси Миромон ака суҳбати ширин, дилкаш ва мулойим киши эди. Соатлаб ўтириб дийдорлашсангиз суҳбатига тўймас эдингиз.
Мен, Миромон ака билан хукумат стационарида ўн беш кун даволандим. Шунда, қишлоқдан чиққан оддий йигитнинг бу қадар катта мартабага эришишининг, қийинчиликларни, тўсиқларни, енгиб бўлмас қарама-қаршиликларни енгиб ўтишининг сабабларини топгандай бўлдим. Шавкат, оғир аҳволда қимирлолмай, ўрнидан туролмай қолган отасининг қўлини бир зумга қўйиб юбормай, ёнида ўн беш кун ўтирди. Ўзи, отасининг қуриб қолган лабларига ҳўл рўмолча босди, ўзи юзларини ювиб қўйди, турғизиб чўмилтирди, таҳоратини янгилаб турди, отасининг кўзидан кўзини узмай юпатди, ўзи йиғлади, меҳру-муҳаббатини тинмай изҳор қилди. Бош вазирнинг бу қадар меҳрибончилигини кўриб шифохонада йиғламаган одам қолмади. Ҳолбуки, бу ишларни қилишга юзлаб ҳамширалар, шифокорлар, шифохона раҳбарлари шай турарди. Шавкат, фарзандлик бурчим деб, бу юмушларни барини ўзи қилди, ҳеч кимни яқин йўлатмади. Миромон ака, то сўнгги нафасигача ўғлини дуо қилди: – Илоҳо, униб-ўсгин, элимизга, миллатимизга хизмат қиладиган йигит бўлгин, бало-қазолардан нари бўл, гўримда ҳам то қиёматгача дуо қиламан. Мен сендан розиман, сен билан фахрланаман, сен дунёдаги энг яхши ўғилсан…-дея жон берди.
Абдуллажон ака менга бу воқеаларни сўзлаб берганига қарийб ўн йил бўляпти. Мендай, отасини эрта йўқотган, отасини қўлига бир марта сув қуйишга зор бўлиб, армонда юрган инсон учун бу ҳикоя ҳеч қачон унутилмасдир.
Шавкат Миромоновичнинг инсоний фазилатларига кейинчалик ўзим ҳам бир неча бор гувоҳ бўлдим.
Табиийки, ҳар бир инсон беихтиёр ҳолатда раҳбариятнинг ўз қавмдошларига, касбдошларига яхши ёмон муносабатини кузатиб туради. Бу ҳолатдан мен ҳам истисно эмасман. Раҳбариятнинг шоир ва ёзувчиларга, устозларимизга муносабатини ҳамиша кузатиб келаман.
Шавкат Миромоновичнинг ёрқин истеъдодли шоир, жондан севган акам Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллиги тантаналарида шахсан ўзи иштирок этиши, ёзувчи-шоирлар билан дилдан суҳбати, яхши-яхши асарлар ёзишга ундаши бу одамга нисбатан ижодкорлар қалбида бир умрлик муҳаббат уйғотди. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, улуғ устоз Эркин Воҳидов вафот этганларида жаноза маросимларида қатнашиши, Эркин Воҳидовнинг ўғли Хуршиджонга таъзия изҳор қилиши, еру-кўкка сиғмай оҳу-нола чекаётган Гулчеҳра опага таскин сўзлар айтиб, далда бўлиши, ғамгусорлик билдириши, ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак кўрсатиши, Ўзбекистон Бош вазирларининг бирортаси шу пайтгача қилмаган ҳодисалар эди.
Аниқ эсимда, Шавкат Миромонович Эркин Воҳидов билан ташқарида эмас, ичкарида, ҳали марҳум уйдалик пайтида, бутун оила-аъзолари, яқинлар, қариндош-уруғлар видолашаётган пайтда, ичкарига кириб хайрлашган, рози-ризолик сўраганди. (Айтишларича, Шавкат Миромонович Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти, буюк юртбошимиз Ислом Каримов вафот этганларида ҳам, ғассоллар билан бирга бўлган, ғассолларга сув ташиб турган экан.)
Шавкат Миромоновичнинг Эркин Воҳидовга, Ҳалима Худойбердиевага, Муҳаммад Юсуфга кўрсатган эҳтиромлари, шаксиз шубҳасиз адабиётимизга бўлган эҳтиром, адабиётни севишларига ёрқин мисолдир.
Ушбу ҳикояни, Ўзбекистон Қаҳрамони, бугунги кун ўзбек шеъриятининг қироли Абдулла Ориповнинг қуйидаги сўзлари билан якунламоқчиман:
– Шавкат Миромонович адабиётни, хусусан шеъриятни ниҳоятда қадрлайди. Танишганимизга йигирма йиллар бўлган бўлса ҳечқачон мени эътиборсиз қолдирмаган. Ҳамиша ҳолимдан хабар олган. Оғир кунларимда елкадош бўлган, шодмон кунларимда бирга қувонган. Катта раҳбар вазифасидаги садоқатли дўстни топиш ниҳоятда мушкул. Дўстлар одатда раҳбар бўлгач дўстларни унутиб юборади. Шавкат Миромоновичда эса аксинча, раҳбар бўлгач, дўстларига меҳрибонликлари янада ортиб кетди. Умримнинг ярми шифохоналарда ўтди. Гоҳ шифо топдим, гоҳ тополмадим. Жуда қийналиб, аҳволим заифлашиб бир қултум нафасга зор бўлиб қолганимда, жонимга Шавкат Миромонович оро кирди.
Бу кишининг даъвати ва моддий кўмаги билан дастлаб Туркияда даволаниб қайтдим, кейин Америка Қўшма Штатларида даволандим. Мана ҳозир ҳам, Шавкат Миромоновичнинг моддий кўмаги, дўстона ғамхўрлиги, меҳрибонлиги сабаб Қўшма штатларда даволанмоқдаман.
Мен ҳам Шавкатжонни Миромон ака қандай дуо қилган бўлса, худди шу тилакларни айтиб дуо қиламан ва умримнинг охиригача қилган барча яхшиликлари учун таъзим бажо келтираман : – Илоҳо униб ўсинг, мартабангиз улуғ бўлсин, элимизга, миллатимизга, динимизга хизмат қиладиган мард инсон бўлинг, сизни то рўзи қиёматгача дуо қиламан, ҳеч қачон ғам кўрманг, Худо сизни қўлласин!

МУҲАММАД ИСМОИЛ, Халқаро Робиндранат Тагор мукофоти совриндори, 2018 йил.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!