Саудия Арабистонида Рождество ва бошқа диний байрамларни нишонлашга рухсат берилди
Мамлакатда яшаётган 13 миллиондан ортиқ мусулмон бўлмаган аҳолининг ҳуқуқлари кенгайтирилди.
Саудия Арабистонида мусулмон бўлмаган диний байрамларни нишонлашга рухсат берилди. Мамлакат валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд саудияликлар ҳамда қироллик ҳудудида яшаётган хорижий фуқароларга Рождество ва бошқа христиан ҳамда яҳудий байрамларини нишонлашга рухсат берувчи фатвони имзолаганини маълум қилди.
Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Валиаҳд шаҳзода ушбу қарорни мамлакатда диний сиёсатга янгича ёндашув ва Ислом талқинини қайта кўриб чиқиш жараёни билан изоҳлади.
Унинг таъкидлашича, Саудия Арабистонида шакллантирилаётган янгиланган диний ёндашув бошқа дин вакилларининг эътиқод эркинлигини ҳурмат қилишни назарда тутади.
Шу тариқа, қироллик ҳудудида истиқомат қилаётган тахминан 13 миллион нафар мусулмон бўлмаган аҳолининг ҳуқуқлари кенгайтирилди. Уларнинг катта қисмини насронийлар ташкил этади.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ар-Риёд ва Жидда каби йирик шаҳарларда хусусий ва ярим оммавий Рождество тадбирларини ўтказишга расмий рухсат берилган.
Хусусан, 2022 йилда Рождество арчалари ва байрамона ёритгичларни ўрнатишга қўйилган тақиқ бекор қилинган эди.
Шунингдек, 2023–2024 йилларда мамлакатда Рождество ярмаркалари, тематик концертлар, меҳмонхоналар ва туристик мажмуаларда байрам дастурлари ташкил этила бошланди.
Расмийларга кўра, ушбу ўзгаришлар Саудия Арабистонининг глобал дунёга очиқлиги, маданий хилма-хилликка ҳурмат ва туризмни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларининг бир қисми ҳисобланади.
