Самарқандга 2025 йилда 3 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб этилади
2024 йил якунларига кўра, Самарқанд вилоятида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилди ва аввалги йилга нисбатан 163 фоизлик натижага эришилди.
Хориж сармоясининг салмоқли қисми (400,3 миллион доллар) Хитой компания ва тадбиркорлари ҳиссасига тўғри келган бўлса, Россия (72,1 миллион), БАА (64 миллион) ва Туркия (63,8 миллион)дан ҳам аввалги йилларга нисбатан кўп инвестиция кириб келди.
– Бундай ижобий ўсиш юртимизда инвесторлар учун ҳар томонлама қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, тармоқлараро ҳамкорликни рағбатлантириш механизми йўлга қўйилгани ва, энг муҳими, тизимли иқтисодий ислоҳотлар ҳамда либерализация сиёсати самарасидир, – дейди Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Ойбек Ҳамроев. – Хорижий инвестицияларнинг кўпаяётгани, ўз навбатида, вилоятда инфратузилма яхшиланиши, ишлаб чиқариш салоҳияти ошиши ва янги иш ўринлари яратишга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Фикримизни аниқ мисоллар билан давом эттирсак. Жомбой туманидаги “CCI SAMARKAND LIMITED” МЧЖ томонидан умумий қиймати 78,4 миллион доллар бўлган “Coca-cola” ичимлиги ҳамда салқин ичимликлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 200 та янги иш ўрни яратилиб, қўшимча 15 миллион долларлик экспортни амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Самарқанд шаҳридаги “Azia metall prof” корхонаси томонидан пўлат эритиш ва қора металл ишлаб чиқариш ҳамда маиший техника ва автомашиналар учун тунука лист тайёрлаш лойиҳалари доирасида 161 миллион доллар хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди.
Аввалги йиллар тажрибаси ҳамда вилоятимизнинг мавжуд имконият ва салоҳиятидан келиб чиқиб, бу йил яна ҳам баланд марра олганмиз. Яъни 2025 йилда 3 миллиард доллар хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши режалаштирилган. Бу инвестицияларнинг 1,4 миллиард доллари манзилли шакллантирилган лойиҳалар доирасида, 1,6 миллиард доллари эса истиқболли лойиҳалар доирасида ўзлаштирилиши кутилмоқда. Демоқчиманки, бу рақамларнинг асоси бор, шунга яраша лойиҳалар тайёрланган, хорижий ҳамкорлар топилган. Гап бу лойиҳаларни амалга оширишга қолган.
Биргина Хитой давлатидан бу йил 1 миллиард 78 миллион доллар сармоя киритилиши кутилмоқда. Шунингдек, Россия ва Туркия ҳам инвестиция бўйича асосий ҳамкорларимиз қаторида турибди.
Мисол учун, бу йил Булунғур туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Yangi Osiyo Xalqaro Biofarmasevtika” хорижий корхонаси негизида умумий қиймати 100 миллион доллар бўлган тиббий биопрепаратлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси доирасида 50 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилади. Пастдарғом туманидаги “Menem beton” қўшма корхонасида эса темир бетон ва бетон блоклари ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш лойиҳаси доирасида 65 миллион чет эл сармояси ўзлаштирилади.
Вилоятнинг инвестиция салоҳиятини янада ошириш мақсадида йил давомида хорижий давлатларга бизнес ташрифлар амалга оширилади. Бу ташрифлар давомида логистика, IT, инновацион ва юқори технологиялар соҳасида янги келишувларга эришиш режалаштирилган.