Россия фуқаролиги учун жанг? Донбассда асирга тушган хитойлик нима деди?

Донбассда қўлга олинган Хитой фуқароси сўроқ пайтида Россия сафида кўнгилли равишда жанг қилганини маълум қилди — “Украинская Правда”.
Украина ҳарбийларининг “Украинская Правда” нашрига маълум қилишича, асирга олинган икки нафар хитойликдан бири Россия армиясига қўшилиш учун воситачига 300 минг рубл (3,5 минг доллар) тўлаганини айтган.
Украина ҳарбийларига кўра, бу хитойлик фуқаро ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск Халқ Республикасида (ЛХР) Хитой фуқароларидан ташкил топган гуруҳ таркибида тайёргарликдан ўтган. Тайёрлов жараёнида асосий ҳарбий кўникмалар ўргатилган, лекин таржимон бўлмаган, мулоқот имо-ишоралар ва мобил таржимон орқали амалга оширилган.
Асирга олинган хитойликнинг айтишича, унинг асосий мақсади ҳарбий бўлиш ва Россия фуқаролигини олиш бўлган. У, шунингдек, Россия қўшинлари сафларида жанг қилаётган айрим хитойликлар Хитойда “қонунчилик билан боғлиқ муаммолар”га дуч келганини ҳам таъкидлаган.
Асирга олинган хитойлик оиласи унинг Россияга бориш ниятидан хабардор бўлганини, бироқ у расмий равишда сайёҳ сифатида мамлакатни тарк этганини қўшимча қилган.
Украина президенти Володимир Зеленский 8 апрел куни Донецк вилоятида Россия армияси сафида жанг қилган икки нафар Хитой фуқароси асирга олинганини маълум қилган эди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса доимо ўз фуқароларини қуролли можароларда иштирок этмасликка ва уларни бундай ҳолатлардан йироқ бўлишга чақириб келганини билдирди.