Республика ва вилоят ОАВ вакиллари учун Қашқадарёда пресс-тур ташкил этилди (+фото)
Бугун Президент Администрацияси хузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошчилигида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги томонидан республика ва вилоят ОАВ ходимлари учун Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Қарши ва Косон туманларида пресс-тур ташкил этилди.
Журналист ва блогерлар сафарни Қарши туманидаги Абул Муин Насафий зиёратидан бошлашди ва бу ерда Қуръон тиловат қилиниб, Насафий зиёратгоҳининг тарихи ва бу жойнинг туризм бўйича олдига қўйган режалари билан таништирилди.
- Ушбу зиёратгоҳ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ободонлаштирилиб, бу ерга келувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилди, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари Азамат Авазов.- Бу мақсадлар учун 17 миллиард сўмлик маблағ сарфланди. Айни дамда барча учун обод маскан бўлган ушбу зиёратгоҳга эндиликда йилига 500 мингга яқин сайёҳларни жалб қилишни режалаштиряпмиз.
Шунингдек, бу ерда 3000 та китоблар жамланмасидан иборат замонавий кутубхона, масжид ва музей ҳам барпо этилди.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Қарши туманидаги "Iymana Textile" тикувчилик корхонасида бўлишди ва у ердаги шароит ҳамда корхонанинг келгусидаги режалари билан танишишди.
360 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаган "IYMAN textile" фабрикаси.
Маълумот учун, тикувчилик фабрикасининг қурилиш ишларига тадбиркор томонидан 12,5 млрд. сўм маблағ сарфланган бўлиб, йилига 3 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга ҳисобланади ва бу маҳсулотлар Россия давлатига экспорт қилиш учун тайёрланмоқда..




