Республика бўйлаб гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида республика бўйлаб гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.
1. Наманган вилояти Норин туманида истиқомат қилувчи 1961 й.т. фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, у 1 кг 595 гр “марихуана” гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
2. Чортоқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 1973 й.т. шахс келгусида сотиш мақсадида ўзига тегишли қўшимча томорқада 839 туп каннабис ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги маълум бўлди.
3. Самарқанд вилоятининг Ургут туманида истиқомат қилувчи 1995 й.т. шахс Тойлоқ тумани ҳудудида автомашинада ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилиб текширилганда, ундан 20 гр “героин” моддаси ашёвий далил сифатида олинди.
4. Хоразм вилоятида қайд этилган ҳолатда, Қўшкўпир туманида яшовчи 1962 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ҳам 36 туп каннабис ўсимлигини етиштираётганлиги аниқланди.
5.Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи 1973 й.т. муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро ўз ҳовлисида иссиқхона ташкил этиб, унда 22 туп каннабис ўсимлигини парваришлаётганлиги маълум бўлди.
6.Бу каби ҳолат Андижон вилоятида ҳам кузатилиб, хусусан, Қўрғонтепа туманида яшовчи 1965 й.т. шахс ўз томорқасида 10 туп каннабис ўсимлигини парваришлаб келган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
