Қирғизистон гўшт экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилди
Қирғизистонда Ўзбекистонга экспорт қилиниши туфайли гўшт кескин қимматлашди, деб ёзди «Акчабар» Қирғизистон Антимонополия хизматига таяниб.
Сентябрь ойида Қирғизистон бозорларида гўшт нархининг кескин ўсиши кузатилди, бу истеъмолчиларни ҳам, давлат идораларини ҳам хавотирга солди, деб ёзди нашр. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, август ва сентябрь ойларида мол гўшти нархи 6,76 фоизга ошган.
Август ойида мол гўштининг ўртача нархи 1 кг учун 570,23 сўм (86,4 минг ўзбек сўми) этиб белгиланган бўлса, сентябрь ойидаёқ бу кўрсаткич 650 сўмга (98,5 минг сўм) етган.
Аввалига ташкилот нархларнинг ошишига сентябрдаги анъанавий тўй мавсуми ва озуқа етишмаслиги сабаб бўлганини маълум қилганди. Бироқ ҳозирда Антимонополия хизмати вакилларининг қайд этишича, Ўзбекистонга ва ундан кейин Тожикистонга гўшт экспортининг сезиларли даражада ошгани асосий омил бўлган.
«Ҳозирда катта ҳажмдаги гўшт Ўзбекистонга, у орқали Тожикистонга кетмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бунга жавобан республикадан гўшт олиб чиқишга вақтинчалик тақиқ жорий этишни таклиф қилди», — деди Антимонополия хизматининг тартибга солинадиган соҳалар бўлими бошлиғи Сиргак Оморов «Акчабар»га.
Гўшт экспортига қўйилган вақтинчалик тақиқ ўтган ҳафта бекор қилинди. Қайд этилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Антимонополия хизматининг биргаликдаги фаолияти натижасида нархлар пасайтирилган. Агар сентябрь ойи бошида ўсиш деярли 100 сўмни ташкил этган бўлса, ҳозир нархлар аввалги даражасига қайтди, дейилади хизмат хабарида.