ОЗИҚ-ОВҚАТ ҚАДОҚЛАРИ ЗАРАРЛИМИ?
Дўкон ёки бозорда маҳсулотларни танлашда асосан уларнинг сифати, ташқи кўринишига ва яроқлилик муддатларига эътибор қаратамиз. Сотиб олаётган маҳсулотимизни қадоғини текширишни эса хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, сиз харид қилаётган чипс ёки ширинликнинг жимжимадор қадоғи саратонга сабаб бўлиши мумкин?
Озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган ҳар қандай қадоқ, идиш ёки сумкалар учун қўйиладиган гигиеник талаблар: материаллар озиқ-овқат маҳсулотига соғлиқ учун хавфли миқдорда қадоқлаш материалларининг таркибий қисмларини ўтказмаслиги, шунингдек маҳсулот рангини ўзгартирмаслиги, бегона ҳид ёки таъмларни бермаслиги керак. Қадоқлаш материаллари (пищевая упаковка) экологик тоза ва сифатли улардан фойдаланишдан олдин мажбурий санитария кўрикдан ўтказилиши шарт.
ҚАНДАЙ ҚАДОҚЛАР ЗАРАРЛИ ҲИСОБЛАНАДИ?
Қоғоз қадоқлар – илгари озиқ овқат маҳсулотларини кулранг қоғозга ўраб
беришарди. Бу экологик жиҳатдан хавфсиз бўлган. Лекин кейинчалик қоғоз
маҳсулотларини тайёрлашда кимёвий фаол моддалардан фойдаланила бошланди.
Қоғозларни оқартиришда хлор аралашмалари ишлатилган бўлиб, хлор озиқ-овқат
маҳсулотидаги ёғ таъсирида сўрилади. Натижада, организмимизга жуда хавфли
диоксин заҳарлари киради. Ҳозирги кунда қадоқлаш маҳсулотларида хлордан
фойдаланиш тақиқланган. Аммо уй шароитида ҳам истеъмол маҳсулотларини оддий
қоғозга ўрамасликни маслаҳат берамиз.
Полимерлар – полимер ҳисобланган замонавий қадоқлаш материалларининг
аксарияти пластикдан ишланган. Палстикнинг кўплаб турларини ишлаб чиқаришда
инсон организми учун зарарли бўлган кимёвий моддалардан фойдаланилади.
Полимерларнинг ўзи зарарли эмас. Аммо полимер таркибида қолдиқ реагентлар,
оралиқ моддалар, технологик қўшимчалар, эритувчилар каби зарарли мономерлар
мавжуд. Улар озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, микротўлқинли печда иситиш
натижасида унинг таркибига кириб олиши мумкин.
ЭНГ ХАВФСИЗ ҚАДОҚЛАШ ВОСИТАСИ
Бугунги кунда энг хавфсиз пластик – полиетилен ва полипропилен
ҳисобланади. Аммо полипропилен ҳам муҳим камчиликларга эга: кимёвий жиҳатдан
агрессив муҳит билан алоқага кириша олмайди. Яъни озиқ-овқат маҳсулоти таркибида
спиртнинг энг кам фоизи бўлса ҳам полипропилен заҳарга айланади.
Истеъмол маҳсулотлари учун яна бир экологик тоза қадоқ бу - шиша
идишлардир. Дўкон расталарида сотилаётган ҳар бир маҳсулотда қадоқ турини
кўрсатадиган белги бўлиши керак. Ҳеч қандай белги бўлмаса, яхшиси шиша идиш ёки
банкадаги маҳсулотни харид қилинг.
Демак, энди маҳсулот харид қилишда уларнинг қадоқларига ҳам аҳамият
берамиз. Уй шароитида эса озиқ-овқат маҳсулотларини металл, шиша ёки сопол
идишларда сақланг. Пластик чойнакларни металл, сопол ёки шиша билан
алмаштирган маъқул. Пластик идишлар эса совуқ сув ва иситилмайдиган
маҳсулотлар учун тўғри келади.
