Организм ички ёғи нимаси билан хавфли ва уни қандай камайтириш мумкин?

Организм ички ёғи нимаси билан хавфли ва уни қандай камайтириш мумкин?

📄 Қорин бўшлиғидаги ички органлар, масалан, жигар, ошқозон ости бези ва ичаклар атрофида тўпланадиган ёғларнинг бир тури висцерал (ички) ёғ деб аталади. У тери ости ёғидан фарқ қилади ва саломатлик учун зарарлидир.

🔷 Бундай ёғ қандли диабетнинг 2-тури, юрак-қон томир касалликлари, инсульт ва саратоннинг баъзи турлари каби хасталикларга чалиниш хавфини оширади. Шунингдек, висцерал ёғ метаболик фаол, яъни гормонал фонга ва моддалар алмашинувига таъсир қилади.

Висцерал ёғнинг тўпланишига хизмат қилувчи омиллар қуйидагилар:
✔️нотўғри овқатланиш (шакар ва тўйинган ёғларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш);
✔️жисмоний фаолликнинг камлиги;
✔️кортизол даражасининг ошишига олиб келувчи стресс ҳолатлари;
✔️генетик мойиллик;
✔️ёшнинг ошиши, чунки йиллар давомида метаболизм сустлашади.

❓Висцерал ёғ миқдорини камайтириш учун нималар қилиш керак?

🏃🏻‍♀️Бунинг учун авваламбор жисмоний фаоллик зарур. Югуриш, пиёда юриш, сузиш, велосипедда учиш каби мунтазам аэробик машқлар калорияларни ёқиш ва ички органлардаги ёғни камайтиришга ёрдам беради. Бунинг учун ҳафтада камида 150 дақиқа ўртача жисмоний машқлар тавсия этилади. Шунингдек, оғирлик кўтариш каби машғулотлар мушаклар массасини ошириб, метаболизмни тезлаштиради.

🥘 Иккинчи ўринда эса мувозанатли овқатланиш зарур. Бунда организм учун керак бўлган барча озиқ моддаларни таъминлайдиган турли хил таомларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Рационнинг асосини сабзавот, мевалар, дон маҳсулотлари, ёғсиз гўшт, балиқ, дуккаклилар ва турли ёнғоқлар ташкил қилиши керак.

🍭Шакар ва рафинатланган углеводлар истеъмолини чеклаган маъқул. Ширинликлар, оқ нон, макарон ва ширин ичимликлардан тийилинг.

🥣 Зайтун ёғи, ёнғоқ ва ёғли балиқлардан олинган соғлом ёғларни рационга киритиш мақсадга мувофиқ. Транс ёғлардан сақланинг ва тўйинган ёғларни истеъмол қилишни чекланг.

🧘🏻Навбатдаги тавсия стрессни бошқариш бўлиб, бунинг учун медитация, чуқур нафас олиш, йога ёки бошқа дам олиш усулларини машқ қилиш фойдадан холи эмас. Етарли вақт (суткасига 7-9 соат) ва соғлом уйқу ҳам жуда муҳим. Сабаби уйқуга тўймаслик ҳам висцерал ёғнинг ортишига йўл очади. Шунинг учун кунингизни шундай ташкил қилингки, дам олиш ва тикланиш учун вақт етарли бўлсин.

🧑🏻‍⚕️ Бундан ташқари, висцерал ёғ даражасини ва умумий соғлиғингизни кузатиб бориш учун мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтиб туринг.

✅ Ҳаёт тарзига ўзгаришлар киритиш ва соғлом турмуш тарзини юритиш албатта ўз натижасини беради. Асосийси, умумий саломатлик ҳолатини яхшилаш ва сурункали касалликларнинг ривожланиш хавфини камайтиришга эришиш мумкин. (https://telegra.ph/file/9bbfd23eb8aed1f1c4382.jpg)


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!