Олий таълимда — Омбудсман

Омбдусман сўзининг луғавий маъноси қадимги скандинавиядан олинган бўлиб, “umboð” — “ваколат”, “топшириқ” каби маъноларни англатади. Омбдусман мансабдор шахс бўлиб, мансабдор шахслар ва давлат органлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилишини назорат қилади.
Тарихда биринчи марта парламентдаги омбудсман лавозими 1809 йил Швецияда таъсис этилган. Ҳозирги вақтда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида мазкур институт ўз фаолиятини юритмоқда.
Мамлакатимизда омбудсман институти Ўзбекистон Республикасининг
1997 йил 24 апрелдаги “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуни билан ташкил этилган.
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 27 августдаги “Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунига асосан янги таҳрирда қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мансабдор шахс бўлиб, унга давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги ПФ-5037-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти таъсис этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги
ПҚ-4296-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини жорий этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
29 апрелдаги ПФ-5987-сон Фармони билан тасдиқланган Тошкент давлат юридик университети фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”да университет раҳбарияти ва бошқа ваколатли органларининг талабалар ва ходимлар ҳуқуқларига таалуқли барча қарорлари муҳокамасида иштирок этиш орқали университет раҳбарияти ва масъул шахслари ўртасида вужудга келадиган низоли вазиятларни ҳал этишга тезкор равишда кўмаклашадиган ТДЮУ омбудсмани институтини (университет омбудсмани офиси) жорий этиш белгиланди.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб, университет омбудсмани ҳақида қуйида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Университет омбудсмани 1960 йил Америка Қўшма Штатларида, Вьетнам уруши билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни кучайиши вақтида ташкил этилган. Ҳозирда мазкур лавозим Американинг 200 дан ортиқ университетларида жорий этилган (Манба: https://mgimo.ru/about/structure/units/ombudsman/).
Шунингдек, бугунги кунда Канада университетларида ҳам университет омбудсмани лавозими таъсис этилган. Жумладан, Канаданинг Британия-Колумбия университетидаги Талабалар ишлари бўйича омбудсмани университет талабалар билан адолатли муносабатни ва таълим олиш, ишлаш ҳамда яшаш имкониятларини адолатлилигини, тенг ҳуқуқли ва ўзаро ҳурмат муҳитини таъминлайди (манба: students.ubc.ca).
МДҲ мамлакатлари ичида, 1998 йил 9 июнда Москва давлат ташқи алоқалар институтининг “Университет омбудсмани ҳақида”ги Низом тасдиқланган. Низомга кўра, университет омбудсмани таълим олувчилар, педагог, ходимларнинг университет раҳбарияти ва маъмуриятнинг масъул шахслари ўртасида юзага келувчи келишмовчилик ва баҳсли вазиятларни ҳал этишга кўмаклашади. Омбудсман низоларни ҳал қилиш мақсадида Ректорат ва олийгоҳнинг бошқа ваколатли органларининг таълим олувчи, ўқитувчи ва ходимлар ҳуқуқларига алоқадор барча қарорларининг муҳокамасида иштирок этади (Манба: https://mgimo.ru/about/structure/units/ombudsman/).
Бундан ташқари, 2012 йил Бутун Россия студентлар форуми ва Россия Федерацияси фан ва таълим вазирлигининг ташаббусларига кўра Талабалар ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими таъсис этилган.
Мазкур талабалар омбудсмани таълим олувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий масалалар билан шуғулланиш билан биргаликда талабалар ўртасидагм юзага келувчи зидиятли вазиятларни мониторинг қилади. Талабалар омбудсмани Россия Федерацияси фан ва таълим вазирлигига қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш ва ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқларига эга (Манба: cyberleninka.ru).
Шу билан бирга, Талабалар омбудсмани қуйидаги фаолияти йўналишларига эга: олий таълим тадқиқотчилари учун жамоат транспортида юриш учун имтиёзлар тақдим этиш, шунингдек ўз ичига таълим нархини ошириш; ошхоналардаги овқат нархи ва сифати; стипендия фондини
ошириш ташаббуси каби масалаларни тартибга солишга йўналтирилган “Россия талабалик дастури”ни шакллантириш.
Хориж тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, университет омбудсмани фаолиятини ташкил этиш ҳамда унинг вазифа ва функцияларини белгилаш юзасидан қуйидаги таклифлар илгари сурилади:
талаба, ўқитувчи ва бошқа ходимларнинг олийгоҳга тааллуқли бўлган мурожаатларини кўриб чиқиш;
талаба ва талаба-ёшлар фаолияти билан боғлиқ тузилмалар ўртасида юзага келувчи зиддиятли вазиятларда медияция вазифасини бажариш;
таълим ва университет фаолияти масалалари бўйича маслаҳат бериш фаолияти;
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, жамиятнинг етакчи соҳаларидан бири бўлган олий таълим йўналишида ҳам мазкур соҳада фаол иштирок этувчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, соҳа ривожланишида ва иштирок этувчиларнинг актив фаолиятларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга.
Д. БАЗАРОВА,
Тошкент давлат юридик университети
профессори в.б.