Назорат тадбирларида 4,6 миллиард сўмдан зиёд ўғрилик ҳолатлари фош этилди
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматининг маълум қилишича, ўтказилган назорат тадбирларида истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Аниқланишича, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида жойлашган “А.Б.” МЧЖга қарашли боғдорчилик хўжалигининг қуввати 22,9 кВт бўлган электр қурилмаларини тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Шунингдек, айнан шу тумандаги “С.Н.” МЧЖга қарашли тош майдалаш карерига электр ҳисоблагичдан ташқари электр қурилмасини улаб, электр энергиясидан ўғринча ишлатилган.
Ҳар икки ҳолат туфайли тизимга 2,5 миллиард сўмдан зиёд зарар келтирилган. Айни пайтда ушбу ноқонуний ҳаракатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Яна бир ноқонуний ҳолат Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги Автомобилларга газ тўлдириш-компрессор шохобчаси фаолияти билан боғлиқ. Унга кўра, “М.Г.” МЧЖ раҳбари С.Р. ушбу АГТКШда ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг уланиш схемасини ўзгартириб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Ушбу қоидабузарлик сабабли электр таъминоти корхонасига 2,1 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Ҳозирги кунда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.