Наманган вилояти ИИБ «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувидан кейинги тартибсизликлар юзасидан расмий баёнот берди

Наманган вилояти ИИБ «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувидан кейинги тартибсизликлар юзасидан расмий баёнот берди

Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси Суперлига 5-тури доирасида 7 апрель куни бўлиб ўтган «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувидан (1:2) кейинги тартибсизликлар юзасидан расмий баёнот берди.

Наманган вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳакамлар, «Пахтакор» ўйинчилари ва меҳмонлар фан-клубининг 35 нафар аъзоси назорат остида Наманган шаҳридан кузатиб қўйилган.

Мавзуга доир: Наманганча мухлислик. «Навбаҳор» — «Пахтакор» ўйинидан кейин тартибсизликлар юзага келди, ЎзМТРКга тегишли автомобиль мухлислар «ҳужум»ига учради (видео)

«Ўйин якунлангач, эътироз билдираётган томошабинларга тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиб, тарқатиш чоралари кўрилди.

Ҳакам, меҳмон ўйинчилар ва «Пахтакор» фан-клубининг 35 нафар аъзоси назорат остида Наманган шаҳридан кузатиб қўйилди.

Мазкур учрашув давомида жамоат тартиби тўлиқ сақланиб, фуқаролар орасида ҳеч қандай талафот ёки тан жароҳат олиш ҳолатларига йўл қўйилмади.

Томошабинлар орасида фаол эътироз билдириб, бошқаларга таъсир ўтказмоқчи бўлган 2 нафар футбол ишқибози ажратиб олинди ва Давлатобод туман ИИБга олиб келиниб, шахсига аниқлик киритилди ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилди.

Хизмат мобайнида жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча идоралар шахсий таркиби орасида ҳеч қандай тан жароҳат олиш ҳолатларига йўл қўйилмади», — дейилади баёнотда.

Маълумот учун, ўйин якунланиб бораётган бир вақтда учрашув бош ҳаками Фирдавс Норсафаров видеотакрорлардан кейин «Навбаҳор» дарвозаси томон пенальти белгилади. 11 метрлик жарима зарбасини Драган Черан голга айлантирди ва бу орқали «Пахтакор»нинг ғалабасини таъминлади. Ҳакамнинг бу қарори стадионга йиғилган наманганлик мухлисларни жунбишга келтирди.

Томошабинлар ўйин якунлангач ҳакам ва «Пахтакор» футболчилар томон турли буюмларни улоқтирди. Бундан ташқари стадион атрофида минглаб ишқибозлар тўпланиб, ўз норозилигини намойиш қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!